«Деҳқонобод калий заводи» атроф-муҳитга келтирган зарари учун қўшимча 855 млн сўм компенсация тўлайдиган бўлди
Завод 2018 йилда 10 миллион 107 минг сўм, 2019 йилда 6 миллион 962 минг сўм, 2020 йилнинг ўтган даври учун эса 2 миллион 698 минг сўм компенсация тўлаган.
Деҳқонобод калий заводи 2018—2020-йиллардаги фаолияти давомида атроф-муҳитга келтирган зарари учун қўшимча 855 миллион 500 минг сўм компенсация тўлайдиган бўлди.
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, бу ҳақда туман экология инспекцияси бошлиғи Ўктам Жўллиев маълум қилди.
Таъкидланишича, президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг 2020-йил 4 июндаги “Деҳқонобод калий заводи” АЖда текшириш ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Шунга кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг 2020-йил 12-июн куни “Деҳқонобод калий заводи” АЖда табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонун ва қонуности ҳужжатлари талаблари ижроси таъминланиши юзасидан текширув ўтказиш ҳақида буйруқ чиқарилган.
Маълум қилинишича, текширув 7 кун давом этган бўлиб, 2020 йилнинг19-25 июн кунлари ўтказилган.
Деҳқонобод туман экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция бошлиғи Ўктам Жўллиевнинг маълумот беришича, завод 2018 йилда 10 миллион 107 минг сўм, 2019 йилда 6 миллион 962 минг сўм, 2020 йилнинг ўтган даври учун эса 2 миллион 698 минг сўм компенсация тўлаган.
“Эндиликда жамият шу тўловларга қўшимча яна 855 миллион 500 минг сўм компенсация тўлайди”, — дейди Ўктам Жўллиев.
2010 йил август ойида фаолиятини бошлаган “Деҳқонобод калий заводи” ўтган ўн йиллик фаолияти давомида 30 дан ортиқ хорижий мамлакатга 300 миллион долларлик калий ўғитини экспорт қилган.
Мавзуга оид
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
18:57 / 07.09.2024
Брюсселдаги Audi заводи ёпилиши мумкин
08:40 / 11.06.2024
Полшадаги қурол заводида портлаш ва ёнғин: бир киши ҳалок бўлди
14:35 / 22.04.2024