Мақолада сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқаролик жамиятида кузатилаётган тенденциялар ва бу жараёнлардаги қарама-қаршилик ҳақида сўз боради.
Муаллифларга кўра, сақланиб қолаётган муаммоларга қарамай, айни дамда Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятини мамлакатнинг энг яқин тарихидаги энг фаоли дейиш мумкин.
«COVID-19 пандемияси даврида бу секторнинг фаолияти ўта муҳимлиги яққол кўринди, чунки бефарқ бўлмаган фуқаролар нафақат коррупция ҳақида бонг урди, балки ижтимоий ҳимоя тизимидаги бўшлиқларни ҳам тўлдирди.
Бундай динамикага қарамай, пандемия чўзилиб борар экан, асосан интернетда жойлашган ва гуркираб ўсиб бораётган фуқаролик фаоллиги ортиб бораётган босимларга дуч келди. Бу – ҳокимиятдагиларнинг кайфияти тез ўзгараётгани билан боғлиқ; афтидан, улар фикр билдириш ва уюшиш ҳуқуқига тоқат билан муносабатда бўлиш керакми ёки йўқлиги борасида бир тўхтамга кела олишмаяпти», – дейилади мақолада.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда жаҳон миқёсида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам фуқаролик жамиятининг фаоллиги ва жамоат бирлашмаларига бирлашиши онлайн платформаларга кўчиб ўтмоқда – фуқаролар ижтимоий тармоқларда бир неча минглаб иштирокчига эга гуруҳларга аъзо бўла бошламоқдалар.
Хусусан, Facebook'даги «Халқ билан мулоқот / Диалог с народом» (230 минг иштирокчига эга), «Xalq fikri» – «Мнение народа» (175 минг иштирокчи), «Антикоррупция гуруҳи» – «Anticorruption Group» (52 минг иштирокчи), «Ташкент–СНОС» (23 минг иштирокчи) кабилар шулар жумласидан.
«Ушбу мўрт фуқаролик бирлашмаларининг тақдири ҳокимиятдагиларнинг қанчалик тоқатли бўлишига боғлиқ, чунки бу гуруҳлар «кулранг зона»да жойлашган – улар жамоат бирлашмаси сифатида рўйхатга олинмаган ва бундай бўлиши ҳам шарт эмас», – деб ёзади муаллифлар.
Кузатувчиларга кўра, сўнгги йиллардаги сезиларли иқтисодий ислоҳотларга қарамай, фуқаролик жамиятига оид сиёсатнинг формал қоидалари аввалгидек қолмоқда.
«Шундай бўлса-да, норасмий қоидалардаги ўзгаришлар фаол учинчи сектор пайдо бўлишига имкон берди. Ўзбекистондаги фуқаролик фаоллиги ортиб бориши қонунларда эмас, манфий қоидаларга тоқат қилиш даражаси ортиб боришида кўринмоқда. Цензурани камайтириб, фуқароларга уюшиш ва ўз иродаларини намоён қилиш учун кўпроқ имконият берилиши ортидан Ўзбекистонда фикр билдириш эркинлиги де-факто ортиб бормоқда», – дейилади мақолада.








