Пенсия ва нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилади
Пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 262 470 сўм;
  • ёшга доир энг кам пенсиялар – ойига 513 350 сўм;
  • болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 513 350 сўм;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 315 030 сўм этиб белгиланади.

Асос: «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони.

Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳри ўртасида экспорт қилувчиларга темир йўл юк қатнови тарифларига 50 фоиз чегирма жорий этилади
«Хоразм вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига асосан экспорт қатновларда Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳри ўртасида экспорт қилувчиларга темир йўл юк қатнови тарифларига 50 фоиз чегирма жорий этилади.

Доимий пропискага оид низом ўз кучини йўқотади
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш, пропискадан чиқариш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги 320-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотади.

Асос: «Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 28 декабрдаги 1049-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори