Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров фермерларнинг ҳуқуқий саводхонлиги паст эканлиги айрим туман ҳокимлари, ер ресурслари ва кадастр туман бўлимлари мутасаддиларига қўл келаётганини маълум қилди. Kun.uz билан суҳбатда Қодиров ер ажратиш ва уни олиб қўйиш масаласи амалиётда қандай учрашини маълум қилди.
— Фермерларга ер ажратиш қонунга мувофиқ қандай тартибга солинади?
— Дастлаб, тендер танлови ўтказилади. Танлов асосида ғолиб, деб топилган талабгорга туман ҳокими қарори билан ер берилади. Шундан сўнг, уч кун ичида ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ, туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарори Ер бериш ва уни реализация қилиш вилоят комиссиясига юборилади. Ушбу комиссиянинг раиси вилоят ҳокими, котиби эса Ер ресурслари ва кадастр бошқармаси бошлиғи ҳисобланади. Ушбу қарори қайтиб келгандан беш кун мобайнида ер ижара шартномаси туман ер ресурслари ва кадастр бўлими томонидан расмийлаштирилиши керак. Шартнома туман ҳокими ва фермер ўртасида имзоланади. Шундан сўнг, фермерда ерга нисбатан эгалик ҳуқуқи пайдо бўлади.

— Сиз таъкидлаганингиздек, у тендерда қатнашиб, туман ҳокимининг қарори чиқарилгандан сўнг, бу ишлар бажарилади. Ушбу тартиб амалда самарали ишлаяптими?
— Буни мен ҳужжатларда кўрсатилган қонуний амалиётини билдирдим. Амалда қандай бўляпти? Республика бўйича салкам 50 фоиз фермер хўжаликлари раҳбарларининг қўлида ер ижара шартномаси мавжуд эмас. Мен юқорида айтиб ўтган талабларга риоя этилмаган. «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 11 моддасида фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари бериш тартиби белгилаб қўйилган. Унга мувофиқ, ер участкасини ижарага бериш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ер тузиш хизмати органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши керак. Нега амалда салкам 50 фоиз фермернинг ер ижара шартномаси йўқ? Негаки, ер ресурслар ва кадастр бўлими ходимлари зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли бажармагани оқибатида бу ҳолат келиб чиққан.















