Ўзбекистон | 15:41 / 27.08.2020
2187
2 дақиқада ўқилади

Фуқаролар ўзи яшайдиган шаҳар ёки қишлоқнинг бош режаси тасдиқланишида иштирок этади 

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш тартиби ҳамда уларнинг йўналишлари аниқ белгилаб берилади. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 26 август куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодекси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасини парламент қуйи палатасининг 5 август куни бўлиб ўтган мажлисида иккинчи ўқишда муҳокама қилиш жараёнида депутатлар томонидан бир қатор моддаларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилган эди. Ана шу таклифлар асосида масъул қўмита томонидан Кодекснинг шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, Юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш чоғидаги мажбуриятлари каби моддалари халқ вакилларининг фикр-мулоҳазалари асосида маромига етказилди.

Қонун лойиҳасидаги муҳим янгиликлардан бири – аҳоли пунктлари бош режаларни ишлаб чиқишда жамоатчилик назоратининг жорий қилинаётгани. Эндиликда фуқаролар ўзи яшайдиган шаҳри ёки қишлоғининг бош режаси тасдиқланишида иштирок этади. Бу ҳудудларда ортиқча сарф-харажатлар, ноқонуний қурилмалар, ерларни ўзбошимчалик билан ўзлаштиришларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Депутатларнинг таъкидлашича, Кодекснинг янги таҳририни қабул қилиш натижасида аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шаҳар чегараларини аниқлашнинг янги қонуний асослари яратилиб, бу борада бюрократик тўсиқлар бартараф этилиши таъминланади. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш тартиби ҳамда уларнинг йўналишлари аниқ белгилаб берилади. Соҳада жамоатчиликнинг кенг иштироки таъминланиши атроф-муҳит муҳофазаси ва инсонларнинг соғлигини асрашга замин яратиб, энг мақбул ва адолатли нормалар қабул қилинишига туртки беради.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юбориладиган бўлди, дейилади парламент сайтида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид