Президентнинг "Наманган ва Андижон вилоятларида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатига ихтисослаштирилган эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Наманган ва Андижон вилоятлари ҳокимликларининг Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Тўрақўрғон ва Чортоқ туманларидаги жами, 313,7 гектар ер майдонида “Namangan-textile” эркин иқтисодий зонаси ва Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги 55 гектар ер майдонида “Andijan-textile” эркин иқтисодий зоналари ташкил этиш ҳамда уларнинг ҳудудий чегараларини тасдиқлаш таклифи маъқулланади.

Қуйидагилар “Namangan-textile” ва “Andijon-textile” эркин иқтисодий зоналарининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

тўқимачилик саноатининг иқтисодиётдаги улушини ошириш, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг, энг аввало, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотларини юқори технологик ишлаб чиқаришга қайта йўналтириш орқали ҳажми ва сифатини ошириш;

ташқи бозорларда талаб катта бўлган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш;

мавжуд хом ашё ва материалларни етиштиришдан бошлаб, унга дастлабки ишлов бериш, маҳсулотларни қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулоти чиқариш босқичигача бўлган ишлаб чиқариш интеграциясини назарда тутувчи ривожланишнинг кластер моделини амалга ошириш;

тармоқ корхоналарининг логистика ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш билан ўзаро узвий боғлиқликда, шу жумладан кўп функцияли транспорт-логистика хабларини қуриш, юкларни етказишнинг оптимал йўналишлари ҳамда йўлакларини танлаш, шунингдек, транспортда юк ташиш тарифларини оптималлаштириш орқали ривожлантиришни таъминлаш;

юқори сифатли тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортини кенгайтириш, миллий брендларни жаҳон бозорларига олиб чиқиш мақсадида ишлаб чиқариш жараёнига илғор инновацион технологиялар, ноу-хау, дизайнерлик ишланмаларини кенг жорий этиш, фурнитура ва аксессуарларнинг замонавий намуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш;

тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт географиясини янада кенгайтириш ва жаҳон бозорларини босқичма-босқич эгаллаш ҳамда халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш даражасини ошириш.