Унга кўра, пандемиянинг тугаш муддати мавҳумлиги мактабларни очиш қарорига келинишига сабаб бўлган.
“Янги ўқув йили қандай бошланиши бўйича кўплаб мунозаралар бўлди. Шу боис мактабларни очиш бўйича бир қарорга келишдан аввал ота-оналар орасида сўровнома ўтказдик. 70 фоиз ота-она фарзандининг саломатлигидан хавотирда эканлигини ва мактабга юбормаслигини, 30 фоизи мактабга юборишга тайёрлигини билдирган. Республикадаги 6 млн.дан ортиқ ўқувчи кесимида кўрсак, тарафлар 2 млн ва 4 млн.га бўлинди. Шу боис таклиф қилинаётган учта сценарий – онлайн, анъанавий ва гибрид (аралаш) таълим шаклидан учинчи вариантга тўхталдик. 14 сентябрдан бошлаб барча мактаблар очилади, ота-оналар ўзлари қарор қабул қилган ҳолда, болани мактабга юборишади ёки йўқ.
Ҳозир барча мактабларда бу хусусида сўровнома ўтказилмоқда. Ҳафта охиригача ўтказиладиган сўровномада ота-оналар мактабга бориб иштирок этишларини сўраб қолардик.
Вирус қачон чекинишини билмаймиз. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия икки йилгача чўзилиши мумкинлигини тахмин қилган. Пандемия бир ойдан кейин буткул йўқолади деганда, балки кутган бўлардик. Ҳозир йўқотиладиган ҳар бир кун, ой фарзандларимиз келажаги учун бўшлиқ бўлиб қолиши мумкин.
Албатта, вирусдан биров кафолатланган деб айта олмаймиз. Лекин ота-оналарнинг кўпчилиги фарзандларини мактабга юборишга тайёр.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, карантин энг авжига чиққанда ҳам болалар кўчаларда бир-бири билан ўйнаб, мулоқотда бўлганлигини кузатдик”, деди у “Ўзбекистон-24” радиоканалига берган интервьюсида.
Рустамованинг қайд этишича, дарслар сони ва давомийлигини қисқартириш масалалари кўрилмаяпти.
“Дарсларни камайтириш, дарс соатларини қисқартириш масалалари кўрилмаяпти. Дарслар давомийлиги 45 дақиқадан бўлади. Ҳозир қилинаётган ягона иш – фарзандини мактабга юбориш-юбормаслик танлови ота-онанинг ўзига бериляпти.
Ота-оналар ҳар куни ўз фарзандининг саломатлигини текшириб бориши керак. Асосий масъулият ота-оналарнинг ўзида қолган. Эрталаб бола йўталиб қолдими, ҳеч нарса қилмайди, боравер, демасдан, ҳар куни ўзини қандай ҳис қилаётганини сўраб, иситмасини ўлчаб, назорат қилишимиз керак”, дея таъкидлади вазирлик расмийси.
Ахборот хизмати раҳбари гибрид сценарийга кўра онлайн таълим қандай шаклда кечишини тушунтирди.















