Мурожаатда айтилишича, унинг ўғли — шифокор Валижон Исаев Самарқанд вилоят перинатал марказида ишлаб келган. Юртимизда карантин эълон қилингач, карантинга олинган ҳомиладор аёллар болаларини жарроҳлик йўли билан дунёга келтириш учун икки марта 14 кунлик даволашда иштирок этган. Учинчи марта ҳам 14 кунлик даволаш марказига кирганида ўзи ҳам коронавирус юқтирган.

«Ўғлимга 3 июль куни Covid-19 ташхиси қўйилгач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди. 19 кун оғир аҳволда ётиб, 23 июль куни вафот этди. Орадан шунча кун ўтдики, махсус буйруқ билан касалликка қарши курашиб вафот этган ўғлимни тиббиёт соҳаси масъулларидан ҳеч ким эсламади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига борганимизда қабул ҳам қилишмади», — дейди М.Исаев.

Шунингдек, марҳумнинг яқинлари Валижон Исаев коронавирусга қарши курашга жалб этилиб, энди унинг оиласи, ортидан қолган беш нафар вояга етмаган фарзандига ҳеч қандай ёрдам берилмаётгани, рағбат пуллари ажратилмаганини айтишмоқда.

Ҳолатга аниқлик киритиш учун Самарқанд вилоят перинатал марказида бўлдик.

Марказ раҳбари Лола Ҳамроеванинг айтишича, мазкур муассаса карантин эълон қилингач, барча туманлардан коронавирус юқтирганликда гумон қилинган, касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлган ҳомиладор аёлларни қабул қилган. Шифокорлар ҳақиқатан ҳам 14 кунлик режимда ишлашган.

Жумладан, марҳум В.Исаев ҳам апрель, май, июнь ойларида мана шу гуруҳларда ишлаган. Бу шифокорларнинг айнан мазкур бўлимларда фаолият юритиши учун перинатал марказ раҳбарининг ҳар 14 кунда ҳар бир тиббиёт ходимининг исм-шарифи билан махсус буйруқ чиқарилган.

Ўтган даврда касалликка гумон қилинган ва мулоқотда бўлган минглаб ҳомиладор аёллар қабул қилиниб, даволанган. Жумладан, барча «қизил» ҳудудда яшовчи ҳомиладор аёллар ҳам шу ерга қабул қилинган.

Ана шундай беморлар билан ишлашда муассаса шифокори В.Исаев касаллик юқтириб, шу сабабдан вафот этган. Аммо мазкур шифохонада ишловчи врачларга қўшимча тўлов ёки рағбатлантириш пуллари назарда тутилмаган.

Перинатал марказ раҳбари бу масала марказ доирасида ҳал этилмаслиги, шу сабабдан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ва бошқа тегишли ташкилотларга муаммо юзасидан хат билан чиққанини маълум қилди. Бироқ бу хатларга жавоб келмаган.