Ўзбекистон | 12:11 / 03.09.2020
5000
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган болаларда Кавасаки синдроми қайд этилмади – штаб аъзоси

АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида брифинг ўтказилди. Унда коронавирус юқтириб олган болаларда Кавасаки синдроми аломатлари пайдо бўлаётгани ҳақидаги саволга жавоб берилди.

«Кавасаки синдроми генетик касаллик бўлиб, у асосан 4-5 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Бу — жуда ҳам кам учрайдиган катта ва майда қон томирлар ўзгариши, бола организмининг тизимли ўзгариши билан кечадиган касаллик.

Бугунги кунда Россия Федерацияси ва қўшни Қозоғистонда ҳам болаларда бу синдромга ўхшаш ҳолатлар кузатилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Ўзбекистонда бу касаллик учрамади дейишимиз қийин, балки болаларда кечган ўрта оғир турларида бу касаллик белгилари ўхшаш ҳолатлар кузатилган бўлиш эҳтимоли бор. Бизда бу синдром учради дейишимиз учун касаллик тасдиқланиши керак.

Бугунги кунда бу синдромга ўхшаш ҳолатлар аниқ ўз тасдиғини топмади. Бироқ бу бизда кузатилмайди ҳам дегани эмас, Кавасаки синдромига ўхшаш касалликлар болаларда кузатилиши ва кўпайиши ҳам мумкин. 

Бу синдромга ўхшаш касаллик келиб чиқишида коронавирус таъсирида бола организмида кечадиган кучли яллиғланиш унинг иммун тизими кучайиши, қон-томирлар ўтказувчанлиги бузилишини келтириб чиқаради. Шунингдек, боланинг тана ҳарорати 5 кун ва ундан ортиқ 38 даражадан юқори бўлади,танасида турли тошмалар тошиши кузатилади, қўллар кафти ва товонлар териси кўчиши кузатилиши мумкин.

Бола организмида кечаётган жараённи оғир ёки енгиллигига қараб бу белгилар кузатилади. Ота-оналар болаларда шамоллаш аломатларини пайдо бўлиши билан поликлиникалардаги оилавий шифокор ёки педиатрга мурожаат этиши лозим. Бу синдром юрак миокардига бўлган таъсири сабаб миокардит касаллигини келтириб чиқаради, баъзи ҳолларда бола организмидаги кучли иммун реакция унинг ўлими сабабчиси бўлиб қолиши ҳам мумкин», деди Севара Убайдуллаева.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид