Соғлиқни сақлаш тизимидаги коллеж ва техникумларга ҳужжатлар онлайн қабул қилиниши давом этмоқда
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимдаги коллеж ва техникумларга ҳужжатлар онлайн қабул қилиниши 25 сентябрга қадар давом этиши ҳақида хабар қилди.
«Шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт коллежлари ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларига абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилиш жараёни давом этмоқда. Ҳужжатларни қабул қилиш жорий йил 25 сентябрга қадар давом этади.
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг тегишли баённомаларига асосан, тизимида коллеж ва техникумлар бўлган вазирлик ва идоралар қатори, соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги коллеж ва техникумларга ҳам грант ҳамда тўлов-контракт асосида қабул квоталари белгиланди.
Унга кўра, тизимдаги мавжуд 28та тиббиёт коллежларига 832 нафар грант, 14346 нафар тўлов-контракт, 47та Жамоат саломатлиги техникумларига эса 967 нафар грант, 22543 нафар тўлов-контракт, жами 1799 нафар ўқувчи грант асосида ҳамда 36889 нафар ўқувчи тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Шундай қилиб, республика бўйича 38688 нафар ўқувчи тиббиёт коллежлари ва Жамоат саломатлиги техникумларига қамраб олинади.
Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ўзларини қизиқтирган саволлари билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ташкил этилган Call-маркази (71 246-11-92 телефон рақами)га, шунингдек, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаларида ташкил этилган Call-марказларига мурожаат этишлари мумкин. Ушбу марказлар ҳафтанинг душанба-шанба кунлари соат 9:00-18:00 га қадар фаолият кўрсатади.
Коллеж ва техникумларга онлайн қабул жараёни билан боғлиқ янгиликлар ҳақида яна қўшимча маълумотларни бериб борамиз», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Мавзуга оид
12:32 / 22.10.2024
Профтаълим муассасалари техникумларга бирлашяпти – тизимда қандай ўзгаришлар бор?
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
14:41 / 11.10.2024
Ногиронлиги бор болалар юридик техникумларда бепул ўқиши мумкин бўлди
14:51 / 19.06.2024