Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида Ўрмон хўжалиги техникуми фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Дархон қўрғони, Чимкент йўли кўчаси, 2-уй манзилида жойлашган Тошкент тумани ўрмон хўжалиги коллежи негизида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Ўрмон хўжалиги техникумини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.
Техникум республикадаги ўрмончилик йўналиши бўйича таянч ўрта махсус профессионал таълим муассасаси ҳисобланиб, олий таълим муассасаларининг ўрмон хўжалиги соҳасидаги мос таълим йўналишлари бўйича малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослаштирилади.
Техникумда таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаси ва дастурларини жорий этиш, мувофиқлаштириш, методик ёрдам кўрсатиш Тошкент давлат аграр университети ва ушбу йўналишлар бўйича раҳбарлик қилиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Қуйидагилар Техникумнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
ўрмон хўжалиги соҳаси ва тармоқлари учун таълимнинг халқаро таснифлагичи 5-даражаси билан уйғунлашган миллий профессионал стандартларга мос ўрта махсус маълумотли кадрлар тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш;
ўрмон хўжалиги ва унинг тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксизлиги ва узвийлиги асосида ўрта махсус профессионал таълим даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган (Associate degree) дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш;
Халқаро таснифлагич даражалари билан уйғунлашган табақалаштирилган таълим дастурларини ҳамда ўқитишнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш;
ўрмонлар барпо этиш, асраш, кўпайтириш, муҳофаза қилиш, ўрмон флора ва фаунаси, соҳани рақамлаштириш, агробизнес, маркетинг, логистика, қишлоқ хўжалиги ва органик маҳсулотларни ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, шунингдек, экотуризм ва ов хўжаликларини ташкил этиш бўйича зарур билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш;
хорижий ва маҳаллий илмий-тадқиқот ҳамда олий таълим муассасаларида, илғор тажриба ва технологияларга эга ишлаб чиқариш корхоналарида педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этиш;















