Жамият | 15:48 / 07.09.2020
7943
1 дақиқада ўқилади

30 кишилик тўйларни ўтказиш билан боғлиқ тартиб сентябрь ойида ҳам сақланиб қолади - штаб аъзоси

Сентябрь ойида 30 кишилик тўйларга чекловлар бўлмайди. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов иштирокида АОКАдаги штабда брифингда маълум қилди.

«Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 31 августдаги 45-сонли баёнига мувофиқ айни кунларда 30 кишилик тўйлар ўтказилишига рухсат берилган. Агар карантин чоралари кучайтирилмаса шу тартиб сентябрь ойида ҳам давом этади», деди Рустам Икромов.

Брифингда мактаб ошхоналарида бир марталик идишларда қайноқ ичимлик ва ширинликлар сотиш тўғрисидаги саволга ҳам жавоб берилди.

«Мактаблардаги ошхоналарга коронавирус инфекциясининг олдини олишга қаратилган тартибларга амал қилган ҳолда фаолият кўрсатишларига рухсат берилди. Бунда асосий эътибор, овқатларнинг хавфсизлигига, овқатланиш жойлари мунтазам зарарсизлантирилишига, ошпазлар ва истеъмолчиларнинг ижтимоий масофа сақлаши ҳамда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишига қаратилиши лозим», деди штаб аъзоси.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид