Муқаддам серсув, ҳайвонот олами ва балиқлари турфа бўлган дарёлар хавф остида қолмоқда, айрим ҳолларда дарё ўзанлари ўртасида учраб турадиган кичик оролчалар умуман йўқ бўлиб кетиши эҳтимоли юзага келган.
Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси олиб борган экологик назорат тадбирларида ўрганиш ўтказилган жами 544та корхонанинг 385тасида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Қонунбузилиш ҳолатларининг 70 фоизи оқова сувлари сув ҳавзасига рухсатсиз оқизилгани, 20 фоизи қум-шағал ноқонуний қазиб олингани, 5 фоизи чиқиндилар белгиланмаган жойларга жойлаштирилгани, 5 фоизи эса экологик-меъёрий хужжатларнинг мавжуд эмаслиги билан боғлиқ.

Масала юзасидан Kun.uz билан суҳбатлашган қўмита бошқарма бошлиғи Собир Машрабовнинг билдиришича, қонунбузар тадбиркорларга нисбатан МЖтКнинг тегишли моддалари билан 411,8 млн сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланиб, атроф-муҳитни ифлослантиргани учун қўшимча равишда 1 млрд 228 млн сўм компенсация тўловлари ҳисобланган.
«Бундан ташқари, дарё ўзанлари атрофида ўтказилган рейдлар давомида қум-шағалнинг ноқонуний қазилиши, чиқиндилар белгиланмаган жойда ташлаб кетилиши ва ёқилиши бўйича 918та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб 1 млрд 85 млн сўм маъмурий жарималар белгиланди.
Тошкент вилоятида қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиб, қурилиш ишлари жараёнида ҳосил бўлаётган чиқиндиларни жойлаштириш полигонлари ташкил этилмагани сабабли, ушбу чиқиндилар автомобиль йўллари ёқаларига, сув объектларининг муҳофаза зоналарига ва бошқа қаровсиз ҳудудларга тўкиб кетилмоқда», — дейди у.


















