Ledokol Group – маркетинг компаниялари гуруҳи бўлиб, 2008 йилда ташкил этилган. Компаниянинг асосий фаолият тури рекламани медиада жойлаштириш, шунингдек ТВ ва интернет рекламадан иборат. Компания Ўзбекистон Медиакенгаши аъзоси ҳисобланади.
Қуйида Дилшод Музаффаровнинг AdIndex учун берган тўлиқ интервьюси келтирилган.
Келинг, рақамлардан бошласак. Реклама бозорида нима содир бўляпти? ADTribune конференциясида жорий йилнинг I чорагида Ўзбекистоннинг ТВ рекламалари ҳажмида колоссал ўсиш кузатилгани айтилди – ўтган йилнинг I чорагига солиштирганда 100 фоиздан ошиб кетди. Гап 1 дақиқага жойланган рекламалар ҳақида кетяпти. GRP’га тўхталадиган бўлсак, ўсиш кўрсаткичи тахминан 70 фоизни ташкил қилган. Албатта, апрель ва майда «чўкиш» кузатилган. Хўш, сиздаги маълумотлар қандай?
– Пандемия кўргазмали рекламаларга жиддий зарар етказди, деб бўлмайди. ТВ-рекламалар сезиларли даражада ўсиб бормоқда. TNS KANTAR берган маълумотларга кўра, 2020 йилнинг биринчи чорагида GRP қарийб 55 фоизга ўсди. Бундан ташқари, ўсишнинг 95 фоизи тўғридан-тўғри реклама блокларига жойлаштирилган рекламалар ҳисобига тўғри келди, лекин ҳомийликда ўсиш кузатилмади. Шу билан бирга, янги мижозлар сони камайганини ҳам айтиб ўтиш керак.
Пандемия даврида кўпгина компаниялар digital-рекламага ўтиб кетди. Сизнингча, бу бозорда қандай ўзгаришлар содир бўлди? Умуман олганда, сиз мониторинг ва ҳисоб-китобларни қандай юргизасиз?
– Карантин пайти digital’нинг қамрови анча кўпайгани сезилди. Баъзи топ сайтларнинг трафиги бир неча бараварга ошди. Барчаси муайян медиа-майдонга боғлиқ, лекин умуман олганда, реклама берувчилар digital’га кўпроқ пул сарфлайдиган бўлди. Бу тектоник силжиш ва вазият барқарорлашганидан сўнг одамлар интернетдан яна ҳам кўпроқ фойдаланишига ишонамиз.
Ташқи реклама бозорида нималар бўляпти? Карантин даврида келишувлар бекор қилиндими, кейинга қолдирилдими? Конструкциялар сонида ўзгариш бўлдими?
– Ташқи реклама учун режалаштирилган бюджет асосан digital media’га ўтказилди. Конструкциялар сони кўпаймади – ҳозир Ўзбекистонда 11 мингга яқин конструкция бор, уларнинг 15-20 фоизи медиабордлар бўлиб, уларнинг сони кўпаймоқда. Бу ҳозирги кунда бозордаги асосий тренд.
















