Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Депутат дегани фақат енгил, 100 фоиз кафолатли, риски йўқ қарорларни қабул қиладими?». Блогер маҳаллий кенгашлар ва мактаблар масаласини кўтарди
Ўзбекистонда мактаблар очилиши бўйича қарорни фақатгина маҳаллий кенгаш депутатлари қабул қилади. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов айтиб ўтганди.
Блогер Шаҳноза Соатова ушбу масала юзасидан ўз фикрини билдирди. Унинг сўзларига кўра, мактабларни очиш керакми ё йўқми деган масала бугун қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти ўртасида баҳсга сабаб бўляпти.
“Олий вакиллик органи намояндалари ўзларида амалда ваколат йўқлигини пеш қилиб (аслида қонунан бор), мактаблар очилиши масаласида қарор қабул қилиш масъулиятини зиммаларига олишдан қўрқаётгандек. Тепамизда ҳоким, биз ҳеч нарса қилолмаймиз дейишяпти. Уят, очиғи, жуда уят!
Биринчидан, аввал нимадир қилишга уриниб кўриш керак. Маҳаллий кенгашларга бунчалик масъулиятли вазифа аввал ҳеч топширилмагандир балки. Лекин қарор қабул қилиб, жараёнларда ўз иштирокини кўрсатишни нимадандир бошлаш керакми? Гарчи бу бошлаш шу қадар оғир вазифа бўлса ҳам. Мактабларни очиш-очмаслик масаласи масъулиятли қарор ва уни қабул қилишда депутатларга ҳокимлар ҳам қарши чиқолмайди, чунки бундай шароитда ҳокимлар ҳам масъулиятни салмоғини кўриб, ҳайиқиб туришибди. Ҳа, бугун депутатларга шу орқали синов келди, имконият келди. Энди четга қочиш тўғрими? Депутат дегани фақат енгил, 100 фоиз кафолатли, риски йўқ қарорларни қабул қиладими?
Иккинчидан, депутатларимиз қачон ўзларида қонунчилик ташаббуси масъулиятини ҳис қилишади? Тўғри, монополия, юқори божлар, жумладан, импорт божлари, мулк ҳуқуқи масалалари бўйича анча жонланиб, турли ҳаракатларни қилишяпти. Фақат улар бари халқ, сайловчилар турткиси, сўрови ортидан ва яна бу ишларни амалга оширганда имижга катта бонуслар олиб келадиган, ҳар қанақасига ютуқли юришлардир. Бироқ пандемия шароитида қанча муаммолар борки, ўзлари кўриб, қонунчилик ташаббуси билан чиқишлари керак эди. Нима иш қилдилар бу борада? Саволни бу тарзда қўяётганим сабаби шуки, ҳар қандай ташаббус ортида риск туради.
Учинчидан, кенгашлардан сўралаётган энг асосий нарса, жойларда мактабларнинг ўқув жараёнини бошлашга тайёр-тайёр эмаслигини ўрганиш ва объектив қарор бериш. Чунки жойлардаги халқ таълими бўлимлари мактаблар тайёр деб ёлғон маълумот бериши мумкин. Қолаверса, ота-оналар ҳам боласини мактабга чиқариш ё чиқармаслик қарорини фақат субъектив ҳолатидан келиб чиқиб беради. Масалан, ман боламни мактабга чиқаришга қарор қилсам, фарзандларим вирусни бошдан кечириб бўлди-ку дейман-да, асло ўқитувчилар бошқа болалардан касал юқтириб олса-чи демайман. Шундай шароитда халқ сайлаган, ижро ҳокимиятига қайсидир маънода мухолиф, қолаверса, ота-оналарнинг субъектив фикрларини жамлаб объектив хулосага айлантирувчи ҳалқа сифатида олий вакиллик органлари тарозини ростлаши керак.
Тўртинчидан, кенгаш ҳокимга бўйсунади деб депутатлар ўзини у масалада четга олса, бу масалада четга олса, нимани ҳал қилишади унда? Энг оғир тошни ортишаётган бўлса ҳам, балки илк марта уларга ўз ваколат ва ҳуқуқларидан фойдаланиш имконияти бериляпти. Қарор тўғри бўлар, хато бўлар – ҳозирги шароитда ҳамма нарса 50/50, бутун дунё хато қиляпти, тўғрилаяпти. Лекин депутатларнинг ҳозир масъулиятни зиммага олиш ё олмасликлари уларга бундан кейин бўладиган халқнинг, сайловчиларнинг муносабатини белгилаб беради. Пандемия ўтади, хулосалар қолади, ҳурматли депутатлар!
Бешинчидан, кенгашлар кўплашиб коллегиал қарор қилиши қарорнинг тўғри бўлиши имконини оширади. Қолаверса, Таълим тўғрисидаги қонуннинг 27-моддасига кўра маҳаллий кенгашларнинг таълим соҳасидаги ваколатлари, ҳатто, ўз ҳудудидаги таълим муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш каби ваколатлари белгиланган”, - деб ёзади блогер.
Унинг айтишича, ҳозир энг катта юк халқ таълими тизимига тушмоқда.
“Етмаганига ҳамма халқ таълимига тош отяпти, ғалати бир кампания. Аслида сеники-меники деб ўтирадиган замон эмас, масала ҳаммамизники. Чунки барчамизнинг фарзандларимиз мактабга боради, ҳатто депутатларнинг ҳам, ижро органи ходимларининг ҳам. Пандемия даврида “Сен йўқ, мен йўқ, биз бор, вирус бор!”. Ҳозир ҳаммамиз бирлашиб, халқ таълими тизимига ёрдам беришимиз керак. Ахир, бу – бизнинг келажагимиз масаласи”, - дейди Ш. Соатова.
Аввалроқ, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маҳаллий депутатлар мактаб очишдан аввал уни пирометр, дозатор, антисептик ва дезинфекция воситалари билан таъминлаш учун маблағлар ажратилгани, мактабларга етарли воситалар етказиб берилганига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина кенгашда ушбу мактаб фаолиятини бошлаш бўйича қарор қабул қилиши мумкинлигини айтганди.
Ўз навбатида, Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Шерзод Шерматовнинг мактабларни очиш бўйича фикрларига эътироз билдирди.
“Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга кўра, Маҳаллий Кенгашларнинг ошиб бораётган ваколати мактаблар очилиши бўйича тўғри қарор қабул қилишларига имкон беради. Лекин аслида ҳам шундайми? Ҳақиқатда ҳам амалиётда Маҳаллий Кенгашларда шундай қарор қабул қилиш ваколати борми?
Ҳаммамиз яхши биламизки, Маҳаллий Кенгашлар раислари ўша ҳудудларнинг ҳокимлари ҳисобланади. Ҳокимлар учун эса Маҳаллий Кенгаш қарори асосида иш ташкил этиш эмас, балки юқоридан келган топшириқ ижросини таъминлаш муҳимроқ ҳисобланади. Шундай экан, фарзандларимиз ҳаёти, соғлиғига оид муҳим қарорни аслида ҳеч қандай ваколати, таъсир кучи йўқ Маҳаллий Кенгашлар ҳал қилади деб кимни алдаяпсиз, жаноб вазир? Ўзингизними ё жамоатчиликними?
Менга бу кўпроқ Халқ таълими вазирлиги томонидан масъулиятдан қочиш, эҳтимолий хатони олдиндан суғурталаш учун ўйлаб топилган бир тактикадек туюлмоқда. Чунки бугунги ноаниқ эпидемиологик вазиятда ўқув йилини анъанавий шаклда бошлаш ниҳоятда хавфли (рискли) қарор эканлиги ҳамда катта эҳтимол билан бу қарор ўзини оқламаслигини тахмин қилиш қийин эмас.
Шу боис, Халқ таълими вазирлиги ақлли “юриш” қилиб, масъулиятни ўз зиммасидан соқит қилиб, уни Маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасига юклашни маъқул кўрмоқда.
Умуман олганда, охирги пайтларда гўёки Маҳаллий Кенгашлар ваколатини ошириш фонида аҳоли эътирозларига энг кўп сабаб бўладиган муаммоли масалалар бўйича қарор қабул қилиш (масалан, ер участкаларини олиб қўйиш, маҳаллий бюджетни тасдиқлаш) ваколатини “қоғозда” Маҳаллий Кенгашларга бериш тенденцияси кузатилмоқда. Гарчи бу ўзгаришлар демократик жиҳатдан тўғри қадам бўлса-да, лекин амалиётда бу муаммоларни ечилишидан кўра, уларни баттар газаклаб кетишига хизмат қилади, холос. Токи ҳокимлар бир пайтни ўзида Маҳаллий Кенгаш раиси вазифасини бажариш амалиётига чек қўйилмас ҳамда уларга ижро ҳокимияти органлари вакиллари бўлмаган номзодлар сайланмас экан, Маҳаллий Кенгаш ваколатларини ошириш бўйича амалга оширилаётган барча ҳаракатлар фақат қуруқ, баландпарвоз гап бўлиб қолаверади.
Мактаблар очилишига қайтадиган бўлсам, менимча, эпидемиологик вазият юқори чўққисига чиққан ёки чиқиб келаётган ҳудудлар (ҳозирда асосан водий вилоятлари)да бу қарор бироз кечиктирилиши, ҳеч бўлмаса ушбу ҳудудларнинг марказий, катта шаҳарларида мактаблар фаолияти ҳозирча йўлга қўйилмай туриши керак.
Чунки коронавирус ва пневмония инфекцияси билан касалланиш кескин ошиб бораётган бир пайтда, фарзандларимиз ҳаётини ёки улар инфекция ташувчи сифатида ёши катта, ҳамроҳ касалликлари бор оила аъзоларининг ҳаётини хавф остига қолдириш эҳтимоли мактабларни шошиб очишга арзимайди”, - деб ёзади депутат.
Мавзуга оид
09:42 / 04.02.2026
Парламентда маҳаллий кенгашлар ваколатларини кучайтириш таклифи кўриб чиқилди
19:21 / 01.01.2026
Туман ҳокимлари кенгаш раиси лавозимидан кетди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024