Жамият | 14:08 / 15.09.2020
41125
2 дақиқада ўқилади

Ғиждувонда ўқитувчилар масжидлар олдида қоровуллик қилиши ҳақида аудиоёзув тарқалди. Бухоро ХТБ изоҳ берди

Ғиждувонда болалар масжидларга қўйилмаслиги эҳтиёт чораси экани маълум қилинди.

Бухоро вилоят ХТБ Ғиждувон туманида ўқитувчилар жума кунлари эрталабдан жомеъ масжидлари олдида қоровуллик қилиб, мактаб ўқувчилари масжидга киришининг олдини олиши бўйича топшириқ берилгани ҳақидаги аудиоёзув юзасидан расмий муносабат билдирди.

Унда айтилишича, туман мудираси томонидан пандемия даврида анъанавий шаклдаги фаолиятга ўтган ва ўтиши режалаштирилган мактаблар ўқувчиларининг саломатлигини асраш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, одамлар гавжум бўлган жойларда юришларининг олдини олиш, қолаверса, ўқувчи-ёшларнинг масжидларга отаси, бобоси ва ёши катта яқин қариндошлари билан бориши, ёлғиз бормаслигига чақириш мақсадида вояга етмаган ўқувчи-ёшларнинг саломатлигини ўйлаган ҳолда бундай кўрсатма бергани аниқланган.

«Мудиранинг бу хатти-ҳаракатларида мамлакатимизда белгиланган диний эркинлик ҳуқуқларига тўсқинлик қилиш мақсади йўқ, бу фақат ўқувчи-ёшлар хавфсизлигини таъминлаш учун қилинган эҳтиёткорлик чораси, холос», дейилади халқ таълими бошқармаси муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, Ғиждувон туман халқ таълими бўлими мудирасининг (унинг исм фамилияси расмийлар томонидан маълум қилинмаган) Телеграм каналларда мактабларнинг Маънавият ишлари бўйича директор ўринбосарларига жума кунлари эрталабдан жомеъ масжидлар олдида туриб, болаларни масжидга киритмаслик чорасини кўриши, акс ҳолда калласи билан жавоб беришлари ҳақидаги оғзаки буйруғи ёзилган аудио тарқалган эди.

«Болалар масжидга кирса — у ердан қайтара олмайсизлар», деганди мудира.

Мавзуга оид