Владимир Путин видеомурожаатида коронавирус пандемияси, жаҳон савдосидаги санкцияларни бекор қилиш муҳимлиги, космосга қурол жойлаштиришни тақиқлаш зарурати ва БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларида вето ҳуқуқи сақлаб қолиниши кераклиги ҳақида гапирган.
БМТ барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олиши керак
Путин БМТ ўзининг асосий миссияси — тинчликни ҳимоя қилиш ва ҳудудий инқирозларни ҳал қилишда ёрдам беришни муносиб уддалаётганини қайд этиб ўтган. У ташкилот «қотиб қолмаслиги» кераклиги, реалликка мослашиши кераклигини таъкидлаб ўтган. Путин БМТ Хавфсизлик кенгаши барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олиши кераклиги, лекин хавфсизлик кенгашидаги беш давлатнинг вето ҳуқуқи сақлаб қолиниши лозим деб ҳисоблаши ҳақида гапирган.
«Иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиққан бешта ядровий давлатнинг бу ҳуқуқи бугунги кунда ҳам ҳақиқий ҳарбий-сиёсий мувозанатни ифодалайди. Асосийси, бу бир томонлама ҳаракатларга йўл қўймайдиган зарур воситадир», деган у.
Пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклаш учун ностандарт қарорлар талаб этилади
Путин ҳозирча Covid-19 пандемияси туфайли рўй берган «зарба кўлами»ни аниқ ҳисоблашнинг имкони йўқ деб ҳисоблайди. Унинг баҳолашига кўра, глобал иқтисодиёт тикланиши учун кўп вақт талаб этилади — бунинг учун ноодатий воситалардан фойдаланиш керак. Путин Россиянинг озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш учун «яшил йўлаклар» ташкил этиш бўйича таклифини эслатиб ўтди.
«Ҳа, умуман олганда жаҳон савдосини тўсиқлар, тақиқлар, чекловлар, ноқонуний санкциялардан тозалаш ишсизлик қисқариши ва глобал ўсиш тикланиши учун яхши ёрдам бериши мумкин», деган у.
Рақамли технологиялар экстремистлар ва радикаллар қўлига тушиши мумкин
Путин киберхавфсизлик соҳасидаги муаммолар тўғрисида огоҳлантирди. У рақамли технологиялар ҳам оддий қуроллар каби радикаллар ва экстремистлар қўлига тушиши мумкинлигига эътибор қаратди. Путин инсоният фаравонлиги учун янги технологиялардан фойдаланишни ўрганиш лозимлигини қайд этган.
«Аммо, бошқа ҳар қандай инновациялар сингари, рақамли технологиялар ҳам назоратсиз равишда тарқалади ва оддий қурол каби нафақат минтақавий низолар ҳудудидаги, балки тинч давлатлардаги радикаллар ёки экстремистларнинг қўлига тушиб қолиб, бу катта хавф туғдириши мумкин», деган у.
Россия вакцинаси умидли чиққан. У БМТ ходимларига тарқатилиши мумкин



















