1. Тафаккурга ундайди

Сокинлик билан, мушоҳада қилиб пиёда юриш кишини кўп нарсалар ҳақида яхшилаб ўйлаб олишга, ҳаётий муаммоларда энг тўғри йўлни топишга ундайди. Тафаккур қилиш, фикрларга берилишнинг саломатликка ижобий таъсири ҳам ўз исботини топган;

2. Кайфиятни кўтаради, янги ғояларга туртки беради

Очиқ ҳавода пиёда юриш кайфиятни кўтариши, тушкунликни енгишда ёрдам бериши исботланган. Шунингдек, юриш жараёни креатив ғоялар туғилишига ҳам туртки беради. Ақлий фаоллик эса организмда ижобий реакцияларга сабаб бўлади;

3. Аллергияни енгишда кўмакчи

Аллергиялар мавсумида бу касалликка чалинганлар ўзларини ҳимоя қилиш учун уйга қамалиб олишни тўғри йўл деб ҳисоблайдилар. Аслида ундай эмас – юриш ва югуриш нафас олиш аъзолари фаолиятига ижобий таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида аллергенларга чидамлиликни оширади;

4. Умр давомийлигини узайтиради

Кўп йиллик тадқиқотлар натижасига кўра, ҳар куни бир ёки ундан ортиқ километр масофани пиёда босиб ўтишга одатланганлар бундай машғулотни хуш кўрмайдиганларга нисбатан 7 йилгача кўпроқ умр кўрганлари маълум бўлган. Шунингдек, мунтазам пиёда юриш ёшликни ҳам узайтириши ҳақида далиллар мавжуд;

5. Моддалар алмашинувини яхшилайди

Юқори қон босими, қанд миқдорининг баландлиги, ортиқча вазн, асабийлик, турли касалликларга тез чалинувчанлик, бош оғриғи, тез чарчаш... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин ва буларнинг барчасига мунтазам пиёда бериш орқали яхшигина зарба берса бўлади.

6. Пулни тежайди

Бугунги кунда спорт заллари ва фитнес клублари жуда кўп. Аммо уларга қатнаш яхшигина пул туради. Бундан ташқари, велотренажёр сотиб олиб уйда шуғулланиш учун ҳам чўнтакни қуритишга тўғри келади. Шунчаки пиёда юриш эса йўл-йўлакай ишларни битириш билан бирга пулталаб машқлардан, йўлкирадан ва энг муҳими – жуда қиммат тиббий муолажалардан қутқаради.

7. Уйқуни яхшилайди, стрессдан ҳимоялайди

Асримизнинг қулоч ёзаётган муаммолари қаторида стресс ва уйқу бузилиши алоҳида ўрин тутади. Бу икки муаммо бир-бирига чамбарчас боғлиқ ва қайси бири қайсинисини чақириши бўйича баҳслар давом этмоқда. Мунтазам пиёда юриш ақлий тетиклик билан бирга жисмоний чарчоққа олиб келади. Бу эса ўз навбатида асабни тинчлантириб, тиниқиб ухлашга замин яратади;