Ўзбекистон | 14:12 / 26.09.2020
4226
2 дақиқада ўқилади

Пандемия даврида транспорт йўлаклари ёпилиб, харажатлар икки баробар ошган

Халқаро пресс-клубнинг 25 сентябрдаги сессиясида инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов пандемия даврида ёпилиб қолган транспорт йўлаклари ҳақида маълумот берди. 

Фото: Sputnik

Қайд этилишича, бугунги кунгача асосий транспорт йўлаклари 2та бўлган. Биринчиси шимол, яъни Қозоғистон-Россия орқали Қора денгиз портларига ёки Қозоғистон-Хитой, Қозоғистон-Россия орқали Осиё-Тинч океани минтақасига маҳсулотлар етказиб берилган.  

Иккинчи йўлак жанубий-ғарбий бўлиб, Туркманистон, Эрон, Туркия ва шу йўл билан Европа, Aфрика ва бошқа минтақаларга маҳсулотларни етказиш имконияти бўлган. 

Маълум қилинишича, пандемия давридаги шарқий ва ғарбий йўлакнинг ёпилиб қолгани Ўзбекистонга жуда катта қийинчиликлар туғдирди.
 
“Бу йўл ёпилганлиги учун биз маҳсулотларимизни Қозоғистон, Россия, Грузия орқали Туркия ва Европага ўтказишга мажбур бўлдик.  

Худди шундай иккинчи вариант, яъни Қозоғистондан Каспий, у ёқдан Боку Туркия орқали ғарбий тарафга маҳсулотларни экспорт қилдик ва импортни ҳам шу йўллар орқали амалга оширдик. Бу ҳам харажат, ҳам вақт нуқтайи назаридан 2 баробар ошиб кетди”, - деди Сардор Умурзоқов.

Бош вазир ўринбосарига кўра, Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш минтақавий маркази очилгандан кейин, Европа ва Осиёга мўлжалланган юкларни Ўзбекистондан ўтказиш қўлга киритилади ва бу орқали транспорт, транзит салоҳияти, иқтисодиётни 10-20 баробар оширишга эришиш мумкин.

Мавзуга оид