Жамият | 14:16 / 05.10.2020
5419
2 дақиқада ўқилади

Мутахассис туберкулёзнинг қайси тури билан оғриганлар учун коронавирус хавфли эканини маълум қилди

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова сил билан оғриб даволаниб чиққан беморлар учун коронавирус касаллиги қанчалик хавфли экани тўғрисидаги саволга жавоб қайтарди.

«Туберкулёз бедаво касаллик эмас, уни вақтида аниқлаб, тегишли муолажалардан тўлиқ ўтса, касалликни  енгиб ўтиш мумкин, бунда инсон тўлиқ соғайиб кетади.

Агар сиз икки йил олдин ўчоқли ва яллиғланган туберкулёз билан касалланган ва даволаш муолажаларини ўз вақтида олган бўлсангиз ҳамда сизда касалликнинг ҳеч кандай асорати қолмаган бўлса, ҳозирги кунда соғлом ҳисобланасиз ва сизда коронавирус касаллиги оғирлик даражасига кўра кечади. Демак, бошқалардан фарқланмайди.

Лекин сиз туберкулёзнинг ковакли, ковакли-фиброз тури билан касалланган бўлсангиз, унда коронавируснинг биринчи симптомлари пайдо бўлиши билан шифокорга учраб, ихтисослаштирилган стационарларда даволанганингиз мақул.

Чунки сизда ковак ва фиброз тўқималар ҳисобига кучли нафас сиқиши кузатилиши мумкин», деди штаб аъзоси АОКАда ўтказилган брифингда.

Шунингдек, коронавирус касаллиги юқиши ва унинг биринчи аломатлари пайдо бўлгунга қадар қанча вақт ўтиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Кўпинча юқиш вақти ва биринчи аломатлар пайдо бўлишининг ўртасида ўртача 5-6 кун ўтиши мумкин. Лекин бу кўрсаткич турли  беморларда 1 кундан 14 кунгача кузатилиши мумкин», деди Барно Абдусаматова.

Мавзуга оид