Қирғизистондаги оммавий тартибсизликлар вақтида бир киши ҳалок бўлиши ва 150 киши шифохонага ётқизилиши ортидан Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини бекор қилди.

Марказий сайлов комиссияси аъзоси Гулнора Жўрабоеванинг сўзларига кўра, комиссия ўзини ўзи тарқатиб юбориш масаласини ҳам муҳокама қилди. «Ушбу сайлов кампанияси билан биз ўзимизни обрўсизлантирдик ва шунинг учун бу ҳолатда энг яхши ва тўғри қарор муддатидан олдин истеъфога чиқиш тўғрисида қарор қабул қилиш деб ҳисоблайман», деди у.

Бишкекдаги намойишлар
Парламент сайловлари якшанба куни ўтказилган, аммо унинг натижаларини сайловда қатнашган 16 партиядан 12таси тан олмаганди. Бу партиялар етакчилари мухолиф блокка бирлашишди ва тинч митинг бошлашди, митинг Оқ уйни қамал қилишга уланиб кетди.

Фото: Reuters

Тунда намойишчилар президент маъмурияти ва парламент жойлашган Оқ уй биноси эшикларини бузиб ўтишди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари бунга қаршилик кўрсатишмади. Бу вақтга келиб Оқ уй бўш қолган эди.

Фото: Абилай Саралаев/ТАСС
Фото: EPA/Vostock-photo

Намойишларнинг дастлабки қисмида кучишлатар тузилмалар йиғилганларни майдондан ҳайдаб юборишга уринган, намойишчиларга нисбатан шовқинли гранаталар, кўздан ёш оқизувчи газлар ва резина ўқлар қўлланганди, бунга бир неча киши Оқ уйга девордан ошиб ўтиб киришга урингани сабаб бўлганди.

Аммо бир неча соат ўтиб митингчилар янада кўпчилик бўлиб қайтишди ва устунликка эришишди. Улар ички ишлар органлари ходимларининг автомобилларини тортиб олиб, уларга ўт қўйишди. Тез ёрдам бошқармаси бошлиғи ўринбосари Егорь Борисовнинг маълум қилишича, тез ёрдам машиналарига ҳам ҳужумлар уюштирилган.