Жаҳон | 16:18 / 08.10.2020
34040
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши Сооронбай Жээнбеков ғойиб бўлганини маълум қилди. Президент матбуот хизмати у Бишкекда эканини билдирди

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековнинг қаерда экани номаълум. Бу ҳақда «Интерфакс»га мамлакат Хавфсизлик кенгаши раҳбарининг ўринбосари Омурбек Суваналиев маълум қилди.

Унга кўра, мамлакат юқори мартабали амалдорлари норозилик намойишлари бошланганидан бери жамоатчилик олдида кўриниш бермаган. Интернетда президентнинг бир нечта мурожаатлари эълон қилинди, аммо улар қаерда ёзиб олингани номаълум. 

«Хавфсизлик нуқтаи назаридан чегарани ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинди», - деди Суваналиев. 

Қирғизистон Давлат чегара хизматининг ТАСС’га хабар беришича, мамлакатдан юқори мартабали амалдорларни чиқариб юбормаслик тўғрисида буйруқ келиб тушган.

Ўз навбатида, Қирғизистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, давлат раҳбари Бишкекда бўлиб турибди ва «вазиятни қонуний ҳолатга қайтариш учун барча сиёсий кучлар билан музокара олиб бормоқда».

5 октябрь куни Бишкекда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи икки партия ғолиб чиққан парламент сайловлари натижаларига қарши намойишлар бошланди. Намойишлар тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди. Бир неча юз киши жароҳат олди, бир киши ҳалок бўлди.

6 октябрь тонгида намойишчилар Қирғизистон парламенти ва президент маъмурияти жойлашган бинони эгаллаб олди. Шу куни мамлакат Марказий сайлов комиссияси парламент сайловлари натижаларини ҳақиқий эмас деб топди, парламент раҳбари ва бош вазир истеъфога чиқди.

Мавзуга оид