АҚШ Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси – Diversity Visa дастури (халқ тилида – «грин карта») учун аризалар қабули 7 октябрдан бошланди. Жараён 10 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 22:00га қадар давом этади.

Грин-карта ютиш нима беради?

Лотереянинг расмий номи – «Турли миллат вакиллари учун иммиграциявий виза дастури» (Diversity Immigrant Visa Program). Дастур АҚШда 1990 йилда қабул қилинган қонун асосида йўлга қўйилган.

Ғолиблар кейинги жараёнлардан муваффақиятли ўтган тақдирда, АҚШда доимий яшаш, қонуний ишлаш ва 5 йилдан сўнг АҚШ фуқаролигини олиш учун ариза бериш имкониятига эга бўлади. Умуман, грин-карта эгалари сайловда овоз бериш ҳуқуқидан ташқари, АҚШ фуқароларига берилган аксарият ҳуқуқлардан фойдалана олади.

Нечта виза берилади?

Ҳар йили АҚШга иммиграция кўрсаткичлари кам бўлган давлатлар фуқароларига иммиграцион виза учун лотерея ўйналади. Дастур асосида йилига 55 минг нафаргача хориж фуқароси АҚШ резиденти мақомини олади.

2019 йилда дунё бўйича 6 741 128 та ариза келиб тушган. Бу – аввалги йилларга қараганда 2 баробарга кам. Боиси, ўтган йили дастур қоидаларига фирибгарликни чекловчи янги шартлар киритилган эди.

Визалар охирги 5 йил ичидаги иммиграция кўрсаткичлари асосида, 6та минтақа орасида тақсимланади. Иммиграция кўрсаткичлари пастроқ ҳудудларга кўпроқ визалар ажратилади.

Ўзбекистондан неча киши грин-карта ютади?

2017 йилда Ўзбекистон фуқароларидан 1,8 миллионта, 2018 йилда 1,7 миллионта, 2019 йилда эса 466 480 та ариза келиб тушган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили дастур қоидалари ўзгаргач, Ўзбекистон фуқароларидан хорижга чиқиш паспортини олиш талаб этилган эди.

Лотереяда ғолиб деб топилганларга келсак, 2016 йил май ойида 4501 нафар, 2017 йил майида 4494 нафар ўзбекистонликка ютуқ чиққан