Ўзбекистон ташқи реклама операторлари ҳамда ташқи реклама конструкциялари эгалари айнан ушбу фильмдаги каби эътибордан четда қолаётган муаммолар юзасидан ОАВга мурожаат йўллаган. Anhor.uz нашри ушбу масалага эътибор қаратди.

Бугунги кунда реклама конструкциялари эгалари маблағларини инвестиция қилиш ўрнига захира сифатида ушлаб туришга мажбур бўлишмоқда. Бундан ташқари, улар реклама берувчилар билан узоқ муддатли шартнома туза олишмайди, чунки дуч келган вақтда конструкциялари бузиб ташланиши мумкин.

«Humo media» реклама агентлиги директори Савелий Соколовнинг таъкидлашича, ҳукумат реклама бизнеси «ислоҳоти» билан 2018 йилда шуғулланган. Ўшанда Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

«Ушбу қарор камчиликлар билан бўлса-да ишлаб келаётган «Тошкентрекламасервис» давлат унитар корхонаси йўқ бўлишига сабаб бўлди. Бир жойнинг ўзида шартнома имзоланиб, реклама паспорти расмийлаштирилар ва ўша ернинг ўзида олинарди. Барчаси қайсидир маънода шаффоф амалга ошириларди. Лекин мазкур қарор кучга киргач, рекламалар жойлаштириш бўйича шартномалар имзолаш тўхтаб қолди. Давлат ғазнасига бу соҳадан даромад келмай қўйди», дейди у.

Соколовнинг сўзларига кўра, регламент ишлаб чиқилмагани сабабли 10 ой давомида давлат бюджетига ҳеч қандай маблағ келиб тушмаган. Тадбиркорлар шартнома имзолаш учун туман ҳокимликларига қатнашига тўғри келган.

«Қарор реклама бозорини йўқ қилмаслигини истардик»
2020 йил 20 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Савелий Соколов мазкур қарор қабул қилинганидан сўнг реклама конструкциялари эгаларида қатор муаммолар юзага келди деб ҳисоблайди.

«Ушбу қарор реклама бозорини йўқ қилмаслигини, унга адолатли ўзгартиришлар киритилишини, айнан ушбу қонун мувофиқлаштирувчи бўлиб хизмат қилишини, биз ҳокимиятма-ҳокимият югуриб юришимизнинг олдини олишини ва бир жойда ишимиз битишини, шаффофлик бўлишини ҳамда конструкциялар ёппасига бузиб ташланмаслигини истаймиз. Бугунги кунда Тошкентдаги 85 фоиз конструкциялар қарор талабларига жавоб бермайди. Нафақат билбордлар, балки томлардаги конструкциялар ҳам талабга жавоб бермайди», дейди Соколов.

Реклама агентлиги раҳбарининг сўзларига кўра, қабул қилинган ҳужжатлар реалликка умуман тўғри келмайди.