Учрашув давомида бош вазир Жапаров президент кун охиригача истеъфога чиқишини талаб қилган.
Жээнбековнинг матбуот хизмати унинг Жапаров билан учрашувидан кейин президент истеъфога чиқишга «ҳақли эмаслиги» ҳақида эълон қилди.
«Сооронбай Жээнбеков яна бир бор ҳозир президентлик лавозимини тарк этишга ҳаққи йўқлигини, бу давлатга зарар келтирувчи олдиндан айтиб бўлмайдиган воқеаларга олиб келишини қайд этиб ўтди.
Сооронбай Жээнбеков 9 октябрда билдирган позициясида содиқ қолади: у вазият яна қонуний ўзанига қайтиши, барча давлат тузилмалари ва ҳукумат қонуний мақомга эга бўлиши ва мамлакат тўғри йўлга тушиб олиши - парламент сайловлари ўтказилиб, янги президентлик сайловлари ўтказилиши эълон қилинганидан сўнг истеъфога чиқишини эслатиб ўтди», дейилган хабарда.
Ушбу учрашувдан кейин бош вазир мухолифат вакиллари Жээнбековни истеъфога чиқаришга эришмоқчи эканликларини айтиб ўтди.
«Жээнбековнинг истеъфоси бўйича музокаралар эртага 11:00да давом эттирилади. У кетади, оз қолди, ўйлайманки музокаралар эртага соат 12:00 ёки 13:00да якунланади», деган Жапаров.
Унинг баёноти ортидан Жээнбековнинг матбуот хизмати истеъфонинг муайян муддати белгиланмаганини қайд этиб баёнот берди.
Россия нашрлари хабарларига кўра, Бишкекдаги ҳукумат уйи олдида Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилган намойишчилар тўпланган.

Сўнгги хабарларга кўра митингчилар тарқалган, лекин улар пайшанба куни ҳам қайтиши кутилмоқда.
Шанба куни мамлакатнинг янги бош вазири этиб тайинланган Жапаров 4 октябрь куни ўтказилган сайлов натижаларга норозилик сифатида бошланган намойишлар давомида қамоқдан озод этилганди. У 2017 йилда бир қатор жиноятларда, хусусан, давлат амалдорини гаровга олиш ва ноқонуний митинг ташкиллаштиришда айбланиб қамалганди.
Сайловда парламентдан ўрин ололмаган бошқа партияларнинг ҳам тарафдорлари кўчаларга чиққан, уларнинг барчаси сайлов натижаларини ҳисоблашда сохталаштириш бўлганини даъво қилишмоқда. Халқаро кузатувчилар уларнинг даъволари асосли эканини айтишмоқда.








