Жаҳон | 17:48 / 20.10.2020
2725
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия ЕИ фуқаролигини сотган Кипр ва Мальтага нисбатан суриштирув бошлади

ЕК Брюсселга жавоб бериш учун Кипр ва Мальта ҳукуматлари ихтиёрида икки ой муддат борлигини қайд этган.

Фото: EPA-EFE/OLIVIER HOSLET

Еврокомиссия (ЕК) Европа фуқаролигини сотгани ёки олтин паспорт дастури (инвестиция эвазига фуқаролик бериш)ни амалга оширгани учун Кипр ва Мальтага нисбатан суриштирув бошлади. Бу ҳақда ЕК баёнотида айтилмоқда.

 "Еврокомиссия ЕИ фуқаролигини "сотганлиги" учун Кипр ва Мальтага қарши қонун бузилишларни бартараф қилиш процедурасини очди", - дейилади баёнотда.

Еврокомиссиянинг фикрича, бу давлатлар томонидан инвестиция эвазига ўз фуқаролигини (шу билан бирга ЕИ фуқаролигини ҳам)  тақдим этиши Европа иттифоқи тўғрисидаги шартномада кўрсатилган тамойилларга тўғри келмайди.

ЕК Брюсселга жавоб бериш учун Кипр ва Мальта ҳукуматлари ихтиёрида икки ой муддат борлигини қайд этган.

"Агарда жавоблар қониқарли бўлмаса, Еврокомиссия бу масала бўйича ўз хулосасини киритиши мумкин", - дейилади ЕК баёнотида.

2019 йил январда Еврокомиссия Мальта ва Кипрнинг Евроиттифоққа кирмайдиган мамлакатлар фуқароларига олтин паспорт бериш тизими борасида хавотир билдирганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид