Жаҳон | 17:45 / 24.10.2020
32436
1 дақиқада ўқилади

Эрдўған Макронни Ислом дини тўғрисидаги сўзлари учун кескин танқид қилди

Эрдўғаннинг таъкидлашича, «мусулмонларга нисбатан бундай ҳуқуқбузарлик Европа фашизмининг янги босқичга ўтаётганидан дарак беради».

Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Эмманюэль Макрон / Фото: Murad Sezer/Reuters

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Франция президенти Эмманюэль Макрон руҳий даволанишга муҳтожлигини айтди. У Макроннинг Ислом дини тўғрисидаги сўзларига ана шу тарзда муносабат билдирди.

"Макрон исмли бу одамнинг Ислом ва мусулмонлар билан қандай муаммоси бор? Ўз мамлакатидаги бошқа динга эътиқод қиладиган миллионлаб аҳолига нисбатан номақбул муносабатда бўлган давлат раҳбарига нима дейиш мумкин? Макроннинг руҳий хасталигини даволаш талаб қилинади”, – деди Эрдўған.

 У шунингдек, Берлиндаги масжидларда тинтувлар ўтказилиши исломофобиянинг кўриниши эканлигини айтди.

“Исломга нисбатан бундай душманларча муносабат Туркияга ҳам душманларча муносабат эканлигини унутмаслигимиз лозим", – деди Туркия раҳбари.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, "мусулмонларга нисбатан бундай ҳуқуқбузарлик Европа фашизмининг янги босқичга ўтаётганидан дарак беради".

Макрон 2 октябрь куни Франция жамоатчилигини ислом сепаратизмига қарши қатъий курашга чақирганди.

Мавзуга оид