Жаҳон | 02:54 / 26.10.2020
22607
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркия АҚШ таҳдидларига қарамай С-400 тизимидан воз кечмаслигини айтди 

Туркия АҚШ томонидан санкциялар киритилиши таҳдидига қарамай, Россиядан сотиб олган С-400 зенит-ракета мажмуаларини ортга қайтармоқчи эмас. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған айтиб ўтди.  

“Сиз ким билан ўчакишаётганингизни билмаяпсиз. Биз F-35 самолётларини (АҚШ қирувчи самолётлари) сотиб олиш бўйича қадамлар амалга оширдик, пулларни тўладик, сиз эса уларни етказиб бермадингиз ва С-400’ни Россияга қайтаришимизни талаб қилмоқдасиз. Бироқ биз қабила давлати эмасмиз, биз Туркиямиз”, – деб айтган Эрдўған.

Унинг таъкидлашича, Туркия С-400 сотиб олгани ва Тоғли Қорабоғ ихтилофида Озарбойжонни қўллаб-қувватлаётгани учун АҚШнинг санкциялар киритишидан қўрқмайди. 

Эрдўғаннинг айтишича, Анқарага ўтказилаётган босим Туркиянинг дунёдаги таъсири ошаётгани натижаси ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, Туркия жаҳон майдонида вазиятни издан чиқармоқчи бўлаётган кучларнинг режасини бузаётганини “кечира олмаяптилар”.

“Анқара давлатимизни босим ва ҳамлалар учун объектга айлантираётган давлатлардан ниқобни олиб ташламоқда. Қўлларидан келганини қилсинлар. Туркия тўхтамайди!” деб таъкидлаб ўтган Эрдўған.

24 октябрда Туркия мудофаа вазирлиги расмий вакили Надида Шабнам Октўп С-400 мажмуалари жанговар навбатчиликка қўйилишини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, Анқара С-400’ни сотиб олиши билан НАТО олдидаги мажбуриятларини бузган, деб ҳисобламайди. 

16 октябрда Туркия Синоп шаҳри яқинида С-400 мажмуасини илк бор синовдан ўтказди. Мажмуадан учта ракета отилган ва уларнинг барчаси белгиланган нишонларни йўқ қила олган. 

Туркия Россиядан С-400’нинг 4 та дивизионини сотиб олган. 2019 йил октябрида “Рособоронэкспорт” шартномани муддатдан олдин бажарганини ва Туркияга С-400’нинг барча элементлари, жумладан, ракеталарни етказиб берганини маълум қилган.

Мавзуга оид