Йиғилишда президентнинг 27 октябрь куни қабул қилинган «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифаларнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.
Фармон иловаларига мувофиқ, 2 мингдан ортиқ давлат активларига тегишли масалалар тасдиқланган. Шундан 479та корхона ва 15та кўчмас мулк савдоларга қўйилади, 62та корхона хусусийлаштиришга тайёрланади, 32та корхона ва тармоқ трансформация қилинади, 507та бозор фаолияти такомиллаштирилади. Бундан ташқари, илгариги қарорларда кўрсатилган 386та ҳамда сотиш ваколати ҳокимларга берилган 559та объект савдоларга чиқарилади.
«Очиқ айтиш керак: олдин ҳам хусусийлаштириш бўйича кўплаб қарорлар қабул қилинган. Лекин бирорта раҳбар пастга тушиб, бу соҳадаги билим ва методикани жойларга етказмагани сабабли кўп корхона ва объектлар сотилмасдан турибди, на давлатга, на тадбиркорга наф келтиряпти», деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда шу борадаги муҳим йўналишлар кўрсатиб ўтилди. Аввало, тадбиркорларга таклиф этиладиган 479та корхонанинг ҳар бирига алоҳида ёндашиш, уларни соддалаштирилган тартибда савдога чиқариш кераклиги таъкидланди.
Масалан, Қарши шаҳридаги «Техник таъмирлаш-бутлаш» корхонасининг 2 гектар ер майдони ва 6,5 минг квадрат метрлик биноларидан фойдаланилмаяпти. Айни пайтда, бу ерда юзлаб тадбиркор ўз бизнеси учун ер ажратиш тўғрисида мурожаат қилган. Бундай мисолларни ҳар бир вилоятда кўплаб топиш мумкин.
Шу боис, бўш ер ва иншоотларни хатловдан ўтказиб, корхоналар эҳтиёжидан ортиғини аукционга чиқариш зарурлиги айтилди. Аввал қабул қилинган қарорлар доирасидаги ҳамда сотиш ваколати вилоят ҳокимларига берилган давлат объектларини хусусийлаштириб, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.
62та йирик корхонани олдин инвестициявий жозибадорлигини ошириб, кейин хусусийлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Мисол учун, «Қўқон нефтгаз пармалаш ишлари» корхонасининг йиллик тушуми 85 миллиард сўм бўлса-да, соф фойдаси катта эмас.
Ёки, «Хоразмсувқурилиш» корхонаси сўнгги 2 йилда фойда олмаган. Ваҳоланки, Янгиариқ туманида ушбу корхонага тегишли 1 гектардан зиёд ер майдони ва 3 минг квадрат метрдан ортиқ даромад келтирмайдиган бинолари мавжуд.
Мутасаддиларга бу каби корхоналарни хусусийлаштиришдан аввал «диагностика» қилиш, аудитдан ўтказиш ва ҳисоб-китобини тўғрилаш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.




















