2020 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятлари сони бир йил олдингига қараганда икки баробарга кўпайиб, олти ойда 3881 тани ташкил этди. Технологиялар ривожлангани сари фирибгарликнинг янгидан янги турлари пайдо бўлмоқда.
Kun.uz ушбу долзарб мавзуда курьерлик фирмаси раҳбари Азамат Абдуллаев, OLX.uz сайти раҳбари Дониёр Турғунов билан суҳбатлашди.
«Бир кунда 20–35 миллион сўм фирибгарлик йўли билан ўғирланмоқда»
Азамат Абдуллаев раҳбарлик қилаётган курьерлик фирмаси 3 йилдан буён Ўзбекистон ҳудудида етказиб бериш хизматларини кўрсатиб келади, хизмат интернетда ўз сайтига эга. Унинг айтишича, бир неча кун олдин фирибгарлар тузоғига тушган кўплаб фуқаролар фирмага мурожаат қила бошлаган.
«Айтайлик, сиз OLX.uz сайтидан товарингизни сотяпсиз. Фирибгар эса сизга алоқага чиқиб, картангиздан бор пулни ечиб оляпти. Aслида, сизга пул ўтказиши керак. Масалан, сиз телефон сотяпсиз. Фирибгар сизга алоқага чиқади. Энг қизиғи, улар фақат Telegram'дан алоқага чиқишади. Telegram орқали алоқага чиқилганда фирибгарлар телефон рақамини кўришнинг иложи бўлмайди. Улар сизнинг товарингиз ҳақида ҳамма маълумотларни сўрайди. Сиз, табиийки, уларга товарингиз ҳақида маълумот берасиз.
Кейинги ҳаракат пул олди-берди масаласи бўйича бўлади. Улар: «Мен тошкентлик эмасман, товарни етказиб беришни иложи борми?» деб сўрайди. Сотувчи агар етказиб бериш пулларини тўлаб беришса, фарқи йўқлигини, етказиб беришини айтади. Фирибгар етказиб бериш хизматига мурожаат бериб қўйишини, сотувчидан келиб олиб кетишини айтиб қўяди.

Шундан сўнг сотувчида пулни ким беради деган савол пайдо бўлади. Фирибгарлар пулни етказиб берувчи фирма беришини, фақат улардан авторизациядан ўтиш кераклигини айтади. Яъни: «Мен сени танимайман, пулни бериб юборсам, сен алдашинг мумкин. Шунинг учун етказиб берувчи фирма ўртада кафил бўлиб беради», – дейишади.
Фирибгарлар етказиб берувчи фирмага мурожаат қилганини айтади. Фирмамизнинг сайтига ўхшатиб ясалган сохта нусхасини беришади. Лекин у ерда маълумотлар ўзгартирилган ҳолатда берилган. Aсосийси, ҳаволалар бизнинг сайтга кетади. Aммо ўртадаги маълумот ўзгартирилган. Aйнан шу жойидан ҳаммаси бошланади. Товарнинг номи, маълумотлари ва фирибгар «ўтказган» маблағлар ҳақида маълумотлар берилади. Маълумотларга асосан яна бошқа ҳаволага кириш кераклиги айтилади. Товар юборувчи шу ҳавола орқали киради. Кўриб турибди: ҳамма маълумотлар тўғри. «Пулни қабул қилиш» деган жойини босади. Шундан сўнг янги саҳифага ўтилади.















