Мактабларда замонавий бошқарувни жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда таълим сифати пастлиги, моддий-техника базаси етарли бўлмагани сабабли айрим мактаблар тўлиқ қувватда ишламаётгани, масалан, Тошкент шаҳридаги 32та мактабда ўқувчиларни қамраб олиш даражаси пастлиги таъкидлаб ўтилган.
Ўзбекистонда хусусий таълим муассасаларига кенг шароит яратилаётгани боис келгуси йилдан эксперимент тариқасида кам қувватда ишлаётган мактабларни танлов асосида салоҳиятли талабгорларга ишончли бошқарувга бериш таклифи билдирилди.
Мактабларда замонавий бошқарувни жорий қилиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Энди мактаб директорларини лавозимга тайинлаш бевосита маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда, танлов асосида амалга оширилади. Ҳар бир номзод мактабнинг кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан танловда иштирок этади ва ҳар йили кенгашлар олдида ҳисобот беради.
Бундан асосий мақсад – мактабларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш, директорлар ишига ноқонуний аралашувлар ва кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш экани қайд этилган.
«Мактаблар билим билан бирга тарбия, маънавият маскани ҳамдир. Давлатимиз раҳбари бу ишларга ҳудудларда яшаб, ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларни кенг жалб қилиш, мактабларнинг директор жамғармасидан ва маҳаллий бюджет маблағларидан уларга ойлик маош тўлаш лозимлигини таъкидлади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва қамровни ошириш, ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат олий билим юрти ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.
«Бугун кўриб чиқилган масалалар ҳаммадан, мактаб директоридан бошлаб бош вазиргача бўлган барча бўғиндаги раҳбарлардан юксак масъулият ва юқори даражадаги жавобгарликни талаб қилади. Бу – йиллар давомида кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10-15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба», деган президент.
Парламент вакиллари, шунингдек, жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларидан таълим тизимидаги ўзгаришларни халқимизга етказиб, дахлдорлик ҳиссини ошириш, фармон қабул қилингач, ижросини назоратга олиш, ўз тажрибалари билан амалий ёрдам бериш сўралди.
Йиғилишда ҳокимлар, олий таълим муассасалари ректорлари, мактаб директорлари, педагоглар таълим-тарбия сифатини оширишга оид фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мавзуга оид
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
18:35 / 03.10.2024