Мактабларда 2020-2021 ўқув йили бошқа йилларга қараганда анча фарқли – гибрид шаклда бошланди. Ўқитувчилар байрами арафасида эса президент ҳам табрик, ҳам мурожаат мазмунида нутқ сўзлаб, муҳим таклифларни илгари сурди.
Биз мактаблар фаолиятига доир саволлар билан Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев билан суҳбатлашдик.
– Президент 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасидаги нутқида халқ таълими бўлимлари мудирлари фаолияти қониқарли эмаслигини таъкидлади. Уларнинг фаолиятида қандай камчиликлар кўзда ташланмоқда?
– Президент ўз нутқида халқ таълими бўлими мудирлари фаолиятида зарур ваколат йўқлигини таъкидлади. Улар ҳаттоки мактаб директорини ишдан бўшатиш ваколатига эга эмас. Ёки бўлмаса, намунали директорларни рағбатлантириш учун Халқ таълими бўлимларида жамғармалари ҳам йўқ.
Албатта, 200дан ортиқ туман ва шаҳарлар бўлса, уларнинг барчасида ХТБ мудирларини зўр ишлаяпти дейишимиз қийин. Шу билан бирга, уларнинг муаммолари ҳам бор: юқоридагилардан ташқари, айримларида бинолари ҳам йўқ. Шунинг учун президентимиз туман, шаҳар, вилоят халқ таълими бўлими мудирлари бир вақтнинг ўзида ҳокимнинг маориф бўйича маслаҳатчиси сифатида ҳам иш юритиши таклифини илгари сурдилар.
Агар халқ таълими бўлими мудири ҳоким олдига кириб ҳудуддаги муаммоларни айтолса, ўша ердаги таълимга оид кўплаб масалалар ўз вақтида ҳал этилишига эришган бўлардик. Масалан, бирор бир мактабни таъмирлаш керак бўлса, сув олиб келиш бўлса, иссиқлик таъминоти бўйича муаммоси бўлса, маҳаллий бюджет нуқтайи назаридан, ХТБ мудири ҳокимга унинг ўринбосари орқали эмас, тўғридан тўғри ўзига мурожаат қилиб, муаммоларни ҳал қилиш имкониятига эга бўлади.
– Умумий савол бермоқчиман: биз онлайн таълимда нималарни ютамиз ва бой берамиз?

– Онлайн таълимнинг ижобий томонлари кўп. Шу билан бирга, салбий томонларини ҳам айтиб ўтиш керак. Аввал ижобий томонларини айтадиган бўлса, биринчи навбатда пандемия шароитида ўқувчи билимсиз қолиб кетмаяпти. Иккинчидан, замонавий ахборот технологиялари ҳар бир оилага кириб боряпти. Учинчидан, энг чекка ҳудудлардаги ўқувчилар ҳам онлайн дарслар учун саралаб олинган малакали ўқитувчилар орқали билим олишмоқда. Демакки, ўз мактабидаги ўқитувчисининг даражасидан қатъи назар, онлайн таълимда 6,2 миллион ўқувчи энг маҳоратли ўқитувчилардан билим ўрганиш имконига эга бўлди.














