Ўзбекистонда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича «Ёшлар дафтари» ҳамда ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида «Аёллар дафтари» рўйхатлари тузилмоқда.

Рўйхатга олинганлар билан эса талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш тизими орқали ишланади.

Kun.uz мухбири Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Гулнора Маъруфовага «Аёллар дафтари» рўйхати қандай тузилиши, унга кирганларга қўшимча қандай ёрдамлар берилиши ҳамда тизимда коррупция ва кўзбўямачиликларнинг олдини олиш борасида қандай шаффоф тизим йўлга қўйилиши ҳақида саволлар билан юзланди.

«Аёллар дафтари» жуда кенг қамровли бўлади. У орқали имкон қадар барча аёлларнинг муаммосини ечиш учун ишлаймиз»

Гулнора Маъруфовага интервью давомидаги биринчи саволимиз қандай шароитдаги аёллар дафтарга олиниши ва уларга қандай шаклда ёрдам кўрсатиши борасида бўлди.

Вазир ўринбосари бу борада дастлаб пандемия вақтида ўз ишини йўқотган, маблағсиз қолган ва камбағал оилаларга «Темир дафтар» бўйича турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилгани ҳамда карантин юмшатилгандан кейин улар ҳам аста-секин дафтардан чиқарилаётганини таъкидлади.

«Лекин қийналган оилалар ҳамон бор. Шуларни инобатга олган ҳолда Президент Мирзиёев энди «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» тузилишини ҳам эълон қилди.

Бу дафтарга чуқур ўрганишлардан кейин муаммолари бор ва 30 ёшдан ошган аёллар киритилиши белгиланган. Масалан, қандай муаммолилар? Биз аёлларнинг муаммосини ўрганишда ҳеч кимни четда қолдирмаслигимиз керак. Яъни қандай оила бўлишидан қатъи назар, ундаги ҳар бир аёлнинг ўз муаммоси бор.

Дейлик, моддий таъминоти яхши оиладаги аёлда психик, соғлиқ жиҳатидан ва аксинча, камбағал оиладаги аёлнинг табиий, иқтисодий ёки бошқа бир муаммоси бўлиши мумкин. Демак, бу дафтар орқали нафақат аёлларни иш билан таъминлаш, балки психологик, тиббий, ҳуқуқий ва кўплаб жиҳатларда амалий ёрдам кўрсатиш масаласи туради.

Дейлик, аёл ичкиликка ружу қўйган, у даволатилади. Ёлғиз аёлми? Муаммоси ўрганилиб, ёрдам кўрсатилади. Ишсизми? Ишга кириши ёки ўз тадбиркорлигини бошлашига ёрдам берилади», – деди у.

Маъруфовага кўра, бу дафтар аввалига фақат ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш учун очилган дафтар деб тушунилган.