Ўзбекистон | 15:38 / 06.11.2020
7549
2 дақиқада ўқилади

Сума Чакрабарти Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси сифатидаги роли ҳақида гапириб берди

2020 йил 5 ноябрь куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ва Ўзбекистон президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, учрашув бошида Ўзбекистон томони қатор соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатни ривожлантириш бўйича кейинги ҳаракатлар тўғрисида маълумот берди. Улар: минтақавий ҳамкорлик, яшил иқтисодиёт, солиқ ва божхона тизимидаги ислоҳотлар, давлат компанияларини ислоҳ қилиш, давлат корхоналарида корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш, давлат тизимидаги шаффофликни ошириш харидлар, меҳнат қонунчилигини ислоҳ қилиш ва инвестиция муҳитини яхшилаш.

Учрашувда томонлар ислоҳотлар дастурини узоқ муддатга давом эттиришнинг стратегик йўналишлари, мамлакат иқтисодиётининг асосий тармоқларини модернизация қилиш ва рақобатбардошлиги, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш, бошқарув кадрлари сифатини кескин ошириш, мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инсон капиталини ривожлантириш бўйича фикр алмашди.

Сума Чакрабарти пандемияга қарамай, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ижобий иқтисодий кўрсаткичларни юқори баҳолади ва шунингдек, Ўзбекистоннинг ислоҳотлар йўналишини давом эттиришга қатъий интилишини таъкидлади. 

“Хусусан, у ўз ролини ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда (бошқарув тузилмаси, вазирликлар ва идоралар салоҳиятини ошириш, қарорларни қабул қилишни соддалаштириш), фуқаролик жамиятини жалб қилиш (ёшлар билан ишлаш, ўзаро фикрлаш маданиятини ошириш), халқаро мамлакат қиёфаси (ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибалари ва уларни Ўзбекистонда жорий этиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ўрганиш) каби соҳаларда ёрдам беришда кўришини айтди”, - дейилади вазирлик хабарида.

Сума Чакрабарти муҳокама сўнгида ҳамкорлик қилиш, қўллаб-қувватлаш ва ислоҳотлар дастурини давом эттиришда ёрдам беришга тайёрлигини билдириб ўтган.

Мавзуга оид