35 йилдан ортиқ вақт давомида Делавэр штатидан сенатор бўлган ва 44-президент Барак Обама маъмуриятида вице-президент лавозимини эгаллаган Байден демократлар партиясининг энг обрўли ва тажрибали вакилларидан бири ҳисобланади. 2021 йил 20 январда бўлиб ўтадиган инаугурация маросими вақтида у 78 ёшда бўлади: шу тарзда Байден АҚШ тарихидаги энг ёши улуғ президентга айланади.

Жо Байден АҚШнинг янги президенти бўлади. Трамп мағлубиятни тан олмаяпти. Асосий маълумотлар

Ёшлиги
Кичик Жозеф Робинетт Байден 1942 йилда Пенсильвания штатининг Скрантон шаҳрида туғилган. У американ-ирланд католиклари оиласида тўрт фарзанднинг тўнғичи бўлган. Отаси катта Жозеф Робинетт Байден (1915-2004) банкротга учраган тадбиркор эди. У Жо ўрта мактабда ўқиётганида яна оёққа туради ва муваффақиятли автомобил сотувчисига айланади.

Жо Байден 25 ёшида, 1967 йил / ALAMY

Мактабда тутуқланиб гапиргани учун Байденнинг жиғига тегишарди. Аммо бўлғуси вице-президент ойна қаршисида шеър ўқиш машқлари билан нутқидаги камчиликларни тузатади.

Байден дастлаб Делавэр штатидаги университетда тарих ва сиёсатшунослик бўйича ўқийди. Кейин эса Нью-Йоркдаги Сиракуза университетида ҳуқуқшуносликни ўрганади ҳамда бу ерда биринчи рафиқаси Нелия билан танишади.

Ўқишни тамомлагач Байден Делавэр штатининг Уилмингтон шаҳридаги юридик фирмада фаолиятини бошлайди.

Рафиқаси ва қизини йўқотиши
Жо Байден ўз яқинларини йўқотиш нима эканлигини жуда яхши билади. Оиласидаги фожиалар сабабли у сиёсий фаолиятини бир эмас, икки марта тўхтатиш ёқасига келган.

Байден, рафиқаси Нелия ва ўғиллари 30 ёшли сенаторнинг ғалабасини нишонлашмоқда. 1972 йил 20 ноябрь

Биринчи марта бу 1972 йилда рўй берганди. Байден ўшанда 29 ёшида Делавэр штатидан сенаторлик пости учун тажрибали республикачи Жеймс Калебу Боггсга чақириқ ташлаганди.

Сайловолди бюджети ҳаддан ташқари ихчам бўлганига қарамай у сайловда ғолиб чиқади. Аммо бир неча ҳафта ўтиб ёш сиёсатчининг ҳаётини ўзгартириб юборган фожиа рўй беради: рафиқаси Нелия ва бир ёшли қизи Наоми автоҳалокатда вафот этишади, ўғиллари Бо ва Ҳантер жиддий жароҳатланишади.