Ўзбекистон | 11:05 / 17.11.2020
3121
3 дақиқада ўқилади

Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ давлат хизматлари кўрсатилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида» қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда таъкидланишича, бундай хизматлар Тошкент ва Нукус шаҳарларида, 2021 йил 1 февралдан барча вилоятлар марказларида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб эса бутун республика ҳудудида кўрсатилади.
 
Norma'нинг ёзишича, қабул қилинган Регламентда туғилган боланинг ота-онаси ёки васийни (ҳомийни) доимий рўйхатда турган манзили бўйича рўйхатга қўйиш ҳамда болани давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш бўйича комплекс давлат хизматлари кўрсатиш тартиби белгиланган.
 
Ушбу хизматларни кўрсатишда қуйидаги муассасалар жалб этилади:

а) тиббиёт муассасаси (туғруқхона, шифохона туғруқ бўлими, оилавий поликлиника) ота-она ва бола ҳақидаги барча маълумотларни электрон тиббий маълумотномани шакллантириш учун махсус электрон бланкага киритади ва автоматик равишда ФҲДЁ бўлимига юборади;

б) ФҲДЁ бўлими:

туғилганлик ҳолатини қайд этади ва бошқа давлат хизматларидан комплекс тарзда фойдаланишни таъминлайди;

туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ариза берувчига тақдим этади;

в) Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси:

фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини расмийлаштиради;

ҳар бир тўлов ойи бошида ўтган ойда тўланган фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақаларнинг умумий суммасидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни акциядорлик тижорат «Халқ банки»нинг ҳисобварағига ўтказади;

г) тиббиёт муассасалари поликлиникага болани рўйхатга қўяди;

д) туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари болани отаси ёки онаси доимий рўйхатда турган манзили бўйича «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали рўйхатга қўяди;

е) Мактабгача таълим вазирлиги давлат мактабгача таълим ташкилотига болани навбатга қўяди;

ж) «Халқ банки» фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа тўловини Пенсия жамғармасига электрон сўров юбориш орқали мурожаат қилган фуқаронинг нафақага бўлган ҳуқуқини тасдиқлаган ҳолда амалга оширади.
 
Ҳар бир кўрсатилган хизмат СМС хабар юбориш билан тасдиқланади. Уларни юбориш билан боғлиқ харажатлар вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.
  
Ҳужжат 11.11.2020 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид