Яқин тарихимиз том маънода драматик воқеаларга бой бўлганини биламиз. Бироқ баъзида ҳали кўп нарсани билмаслигимиз маълум бўлиб қолади, зеро номаълум бўлган ҳодисалар очилади, ўтмишнинг янги қирралари бўй чўзади.
Баъзида юз берган ҳодисалар билан танишиш жараёнида киши ўткир сюжетли бадиий фильм кўргандек бўлади... Зеро, яқин мозийдан келган хабарлар – воқеалар ўзининг кескин, биз кутмаган ривожи билан ҳайратда қолдиради.
Воқеамиз қаҳрамони прокуратура тизимида ишлаган. Унинг биографияси бошқа ходимларники каби бўлиши мумкин эди, бироқ бир нуқтага келиб бошқа тарафга бурилиб кетди, ҳибсга олиниши, қийноққа солиниши ва охир-оқибат туҳмат билан қамоққа ташланиши билан тугади.
Сабаби – ўз касби тақозоси ила у махфий топшириққа асосан жиноий гуруҳни жавобгарликка тортган эди.
«Бу унинг вазифаси-ку», дейсиз албатта. Ҳа, шундай, бироқ у «фош қилиниши мумкин бўлмаган» жиноий гуруҳларга қонуний чора кўргани унга қимматга тушди...
2006 йилда Қашқадарё вилоят MXX ва прокуратурасига ўша вақтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёевнинг имзоси билан «Шўртангаз»да газ конденсати маҳсулотлари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўйича махфий топшириқ келади.

Жиноий тўда раҳбарининг исми Шайназар бўлгани боис, бу гуруҳ жиноят оламида «Шайна» номи билан тилга олинган.
Ушбу топшириқ юзасидан Қашқадарё вилоят МХХ бошқармаси бошлиғи Александр Морозов ва вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Фарҳод Шаймановлар ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар белгилаб, жиноий гуруҳни фош этиш бўйича суриштирув-тергов жараёнларини бошлаб юборади.
Мазкур топшириқ бажарилиши жараёнида Сурхондарё вилояти орқали Тожикистон ва Афғонистон давлатларига айланма йўллар орқали ғайриқонуний равишда олиб кетилаётган 40 (қирқ) тонна газ конденсат маҳсулотлари Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинади. Аммо жиноий гуруҳ аъзолари орган ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, 4 нафар ИИБ ходимининг қўл ва оёқларини сим билан боғлаб, оғизларига латта тиқиб, чуқурга ташлаб юборишади.
Шундан сўнг ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади, жиноий гуруҳ аъзоларини фош этиш ва ушлашга қаратилган кенг кўламли тергов-тезкор тадбирлари ўтказилади.












