Сайлов участкаларидан олинган баённомаларнинг 99,35 фоизи қайта қайта ҳисоблангач, Санду 57,42 фоиз овоз, унинг рақиби – амалдаги президент Игорь Додон 42,58 фоиз овоз олгани маълум бўлган. Молдова марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, давомат 52,76 фоизни ташкил қилган - 1,6 миллиондан кўпроқ сайловчи сайловда иштирок этган.

Шу тариқа, Санду 4 йил аввалги мағлубият учун Додондан реванш олишга муваффақ бўлди. Ўшанда Санду Додондан 4 фоиз ортда қолганди. Жорий йил 1 ноябрда ўтган сайловларнинг 1-босқичида Додон ва Санду энг кўп овоз тўплаб, 2-босқичга ўтганди. 1-босқичда Санду 36,16 фоиз, Додон эса 32,61 фоиз овоз олган.

Санду барча сайловчиларига миннатдорчилик билдириб, сайловлар давомида иккига бўлинган жамиятни яна бирлаштиришга ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга ваъда берди. Шунингдек, бўлғуси президент парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан аввалги парламент сайловларини ўтказиш режасини маълум қилган. Амалдаги президент Игорь Додон ҳозирча ўз мағлубиятини тан олмади.

Dumitru Doru / EPA / Scanpix / LETA

Маълумот учун, Молдовада президент 4 йилга сайланади ва Додоннинг ваколати 23 декабрь куни тугайди. Янги президент инаугурацияси эса сайлов натижалари маълум бўлгач, 45 кун ичида ўтказилади.

Евроиттифоқ билан интеграция ёки Россия билан дўстона алоқа?
Молдовада салкам 30 йилдан бери ўтказиб келинаётган президентлик ва парламент сайловларида Европа Иттифоқи билан интеграциялашув ва Россия билан дўстона алоқаларни сақлаб қолиш тарафдорлари ўзаро рақобат олиб боради. Шу пайтгача ўтказилган барча сайловларда Россия билан дўстона алоқаларни сақлаб қолишни ёқловчи партиялар номзодлари ғалаба қозониб келган. 2016 йилда ўтказилган сўнгги президентлик сайловида ҳам Россия билан яқин бўлган Додон Европа Иттифоқи билан интеграциялашув тарафдори бўлган Майя Санду устидан ғалаба қозонганди.

Агар Молдовада ўтказилган президентлик сайловлари тарихига қаралса, 1991 ва 1996 йилларда президент умумхалқ сайлови орқали танланган. 2000 йилда Конституцияни ўзгартириш учун референдум ўтказилади ва унинг натижаларига кўра, Молдовада президентни парламент сайлайдиган тизимга ўтилади. Шундан сўнг бир неча сайлов шу тартиб билан ўтказилади. 2016 йилга келиб президентни парламент томонидан сайланиши бекор қилинади ва президент яна халқ томонидан сайланади.