Kun.uz'га келиб тушаётган мурожаатларнинг катта қисми кўчмас мулк дахлсизлиги ва ер муносабатларига доир масалалардир. Бобур Акмалов «KUN.MUNOSABAT» рукнида журналистлар Толиб Раҳматов ва Жамшид Ниёзов билан айни мавзу юзасидан фикр алмашди.

Дастлаб Толиб Раҳматов ўз кузатувлари билан ўртоқлашди.

Толиб Раҳматов

«Менимча, Ўзбекистон мустақил бўлганидан бошлаб хусусий мулк дахлсизлиги конституцияда ёзиб қўйилган бўлишига қарамай, том маънода таъминланмаяпти. Ижтимоий тармоқларда кўриб қоламиз, турли давлатларда уйлар четлаб ўтилиб, экси уйлар ҳам сақлаб қолинган ва йўл уй ёнидан қурилган. Бу дегани ўша давлатда хусусий мулк дахлсизлиги конституция даражасида таъминланган, қонунлар ишлайди. Бизда эса конституцияда ёзилган-у, афсуски, бу амалда таъминланмайди.

Масалан, Бекобод туманида ёш тадбиркор ауционда хусусий мулк сифатида ер майдони сотиб оляпти, бинони қуришга рухсат олиб, қурилиш бошлаяпти. Лекин қонун ишлашини назорат қиладиган туман прокурори бориб, қурилган жойни бузяпти. Қонун ҳимоячиси қонунсизлик қиляпти.

Яна бир мисол. Қашқадарёда битта ер майдони 3та тадбиркорга бўлиб бериляпти. Бир ер участкаси орада 9 ойлик танаффус билан 3та тадбиркорга бериляпти. Битта тадбиркорнинг жойи ауционда сотилиб кетган, биттасининг биноси бузилиб кетган, натижада улар ҳам бинодан, ҳам пулидан ажраляпти. Лекин бинони қуролмаяпти. Судга, ҳокимнинг олдига бориб, қарорни бекор қилишини сўраб, сарсон бўляпти.

Яқинда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Regent Corp» МЧЖ ўртасида ҳам катта шов-шув бўлди. Ҳоким билан учрашув ҳам бўлди. Унда МЧЖ таркибида бўлган инвесторларнинг ҳеч қайси бири чет эллик эмаслиги айтилди. Ваҳоланки, Tashkent City қурилишида, Тошкент шаҳар ҳокимлиги бизни чақирганда шахсан ўзим борганман. Шунда журналистлар инвесторлар орасида 19 ёшли германиялик ҳам борлиги ҳақида савол берган эди. Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев: «Менга Ўзбекистон фуқароси бўладими, бошқами, фарқи йўқ. Менга инвестиция киритса бўлди», деганди.