30 ноябр куни Янгийўл тумани, Қирариқ МФЙ, Истиқлол кўчаси, 80-уйнинг остидан ўтган юқори босимли газ қувуридан сизиб чиққан газ хонадонга тарқалиб, ҳаво аралашмаси билан қўшилиб, уйда электр чироғининг ёқилиши натижасида портлаш содир бўлди. Мазкур воқеа оқибатида икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бирламчи маълумотига кўра, чақнашнинг асосий сабаби сифатида табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилиши тахмин қилинмоқда.
Маҳаллий аҳолининг айтишича эса, хонадон яқинида ерости полиэтилен газ қувури ўтган бўлиб, у орқали метан газ қуйиш шохобчасига ёқилғи етказиб берилган. Ушбу маълумотни «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Янгийўл туман филиали раҳбари Умид Тўйчиев ҳам тасдиқлади.
Портлаш юз берган пайтда уйда бўлмай, тезкор хабардан сўнг зудлик билан ортга қайтган Фазлиддин Усмоновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, қувурдан сизиб чиқаётган газ иси хонадон эгаларини безовта қилган ва бир неча марта мутасаддиларга шикоят қилинганди.


«Бу ердан газ чиқиб турганини анча аввалдан билардик. Анча жойга мурожаат ҳам қилганмиз. Тезкор хабардан сўнг, етиб келсам, одамлар марҳумнинг турмуш ўртоғи ва қизини ошхонадаги вайроналар остидан олиб чиқишаётганди. Марҳумнинг жасадини эса бетон босиб қолганди. Аввалига ўғлини тополмадик. Бир соатлардан сўнг ФВВ ходимлари боланинг жасадини бетонлар орасидан топишди», — дейди ушбу хонадонга ён қўшни бўлган Фазлиддин Усмонов.
Ўтган йили 11 ноябр куни Қуйи Чирчиқ туманининг Сурум маҳалласидаги намунали уй портлаши оқибатида бир оиланинг 3 аъзоси вафот этган ва 3 киши бутун умрга мажруҳ бўлиб қолганди. Ўшанда ҳам портлашга намунали лойиҳа асосида қурилган уйлар яқинидан ўтказилган











