Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига сўнгги ташрифи чоғида Қашқадарё вилояти мисолида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг мутлақо янги тизимини жорий қилиш бўйича топшириқлар берилганди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг барча туманларини қамраб олган ҳолда:
- тиббий бригадаларни шакллантириш;
- хонадон патронажи;
- тиббий хатловни электрон тизимда шакллантириш;
- антропометрик ўлчов ва текширувларни амалга ошириш;
- мақсадли скрининг ва кўриклар;
- тиббий маълумотларни планшетга киритиш ва умумлаштириш учун махсус электрон дастур ишлаб чиқиш;
- хонадоннинг тиббий картаси, маҳалла, туман «Саломатлик профили»ни яратиш;
- аҳоли орасида тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик одатларини шакллантириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Хонадонларда патронаж ва антропометрия тадбирлари доирасида поликлиника ва оилавий шифокор пунктиларда қуйидаги мақсадли скрининг тадбирлари амалга оширилади:
- шифокор томонидан 40 ёшдан ошган фуқароларда махсус саволнома асосида юқумли бўлмаган касалликлар скрининги;
- акушер-гинеколог томонидан туғиш ёшидаги аёллар кўкрак бези саратони скрининги;
- қонда қанд миқдорини аниқлаш орқали 2-турдаги қандли диабет касаллиги скрининги.
«Лойиҳани амалга ошириш учун вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ҳудудий раҳбарлар бошчилигида махсус мониторинг гуруҳи тузилиб, уларга ташкил этилаётган тиббий бригадаларни назорат қилиш, уларни зарур мобил жиҳозлар билан таъминлаш, мобил поликлиника фаолиятини ташкиллаштириш учун автотранспорт ажратиш, зарур миқдорда реактив ва сарфлов материаллари билан таъминлаш каби молиявий масалаларни ҳал қилиш юклатилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Шу мақсадда вилоятда 1535 тиббий бригада ташкил этилиб, ўз ҳудудларига бириктирилган.




















