Октябр ойида фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси А.С. 10 минг доллар пора сўраб, шундан 1200 долларини олган вақтда ҳибсга олинган.

Олий суд матбуот хизмати Kun.uz'га воқеанинг айрим тафсилотларини очиқлади.

Маълум бўлишича, судья А.С. фуқаро Х.Р.нинг 3 октябрда Хоразм вилоят прокуратурасига берган аризаси асосида, 4 октябр кунги тезкор тадбирда қўлга олинган.

У фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судида ишловчи ҳамкасби, судья Ж.М.га пора бериш орқали, Ж.М. кўриб чиқаётган ишни Х.Р. фойдасига ҳал қилиб беришини айтган.

Ушбу суд иши Х.Р.нинг даъво аризаси асосида очилган бўлиб, у суддан Хива шаҳри, Лолазор маҳалласи, Зуҳра кўчасида жойлашган, 800 кв метр ер майдонидан иборат, қурилиши тугалланмаган уй-жойнинг олди-сотди шартномасини бекор қилишни сўраган.

4 октябр соат 14:30ларда прокуратура ва ички ишлар ходимлари ўтказган тезкор тадбирда, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси А.С. фуқаро Х.Р.нинг Урганч шаҳридаги уйида, талаб қилинган 10 минг доллардан кимёвий ишлов берилган 1200 долларни олган вақтида, ашёвий далиллар билан ушланган.

Эртасига, 5 октябр куни Судьялар олий кенгаши А.С.ни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари ва 28, 211-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисида хулоса берган. Шу куни Олий суд Пленумининг А.С.ни жиноий жавобгарликка тортиш ва қамоққа олишга розилик бериш тўғрисидаги қарори чиққан.

Шунингдек, Судьялар олий кенгашининг 5 октябрдаги қарори билан, А. С. лавозимидан озод этилиб, ваколати муддатидан илгари тугатилган.

«Ҳозирги кунда ушбу жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», – дейилади Олий суд ахборотида.

Коррупционер судьяларнинг кўриниб қолган қилмишлари

Қайд этиш жоиз, юқорида тафсилотлари келтирилган жиноят ҳақида жамоатчиликка Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева маълум қилган эди. У бир неча кун олдин Олий суддаги конференцияда бу ҳақда қисқача тўхталиб ўтганди.

Бундан ташқари, Тўхташеванинг чиқиши ортидан аҳоли Тошкент шаҳар маъмурий судидаги жиноятдан ҳам