08:11 / 04.12.2020
4540

АҚШ Huawei’нинг молиявий директорига айбини тан олиш эвазига уйга қайтишни таклиф қилди — ОАВ

АҚШ расмий идоралари Канадада ҳибсга олинган Huawei компанияси молиявий директори Мэн Ванчжоу билан битим тузиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу битим Ванчжоунинг уйга қайтишига омил бўлиши мумкин, деб манбаларга таяниб хабар берди The Wall Street Journal нашри.

Фото: EPA-EFE

Манбаларнинг маълум қилишича, АҚШ Адлия вазирлиги вакиллари Ванчжоу билан музокаралар олиб бориб, унга қўйилаётган айбловларнинг баъзи бандлари бўйича ўзини айбдор деб тан олишни таклиф қилишмоқда. АҚШда Huawei, унинг шуъба компаниялари ва Ванчжоуга нисбатан 23 та банд, жумладан, саноат жосуслиги ва АҚШнинг Эронга қарши санкцияларини бузиш бўйича айбловлар билдирилган.

Агар Ванчжоу АҚШ ҳукумати билан келишувга борса, АҚШ Адлия вазирлиги унинг жиноий таъқиб қилинишини кечиктириши, кейинроқ эса ундан барча айбловларни олиши ҳам мумкин. Шу тариқа Ванчжоу Хитойга қайтиш имкониятини қўлга киритади. The Wall Street Journal’нинг таъкидлашича, бундай битим тузилиши, шунингдек, 2019 йилда Хитойда ҳибсга олинган 2 канадаликнинг ўз ватанига қайтишига имкон беради.  

2018 йил декабрда Канада ва Хитой ўртасида Ванкуверда Huawei директори Мэн Ванчжоунинг ҳибсга олиниши юзасидан дипломатик зиддиятлар вужудга келганди. Ванчжоу фирибгарлик айбловлари бўйича АҚШдан депортация қилиниши мумкин. Шундан кейин Хитой ҳаракатлари миллий хавфсизликка хавф солишда айбланган 2 канадаликни ҳибсга олган. 2020 йил июнда Хитой прокуратураси уларга жосуслик бўйича айбловлар билдирган. Оттава ўз фуқароларининг ҳибсга олинишини ноқонуний ва сиёсий мотивлашган деб ҳисобламоқда. 

Top