2 йил олдин Kun.uz сайтида бу ҳақда мақола берилган, шундан сўнг қурилиш тўхтатилиб, қарор бекор қилинган, салкам 400 йиллик тарихга эга маданий мерос объекти жозибаси сақлаб қолинишига умид билдирилганди.

Дунёнинг ривожланган давлатларида тарихий обидалар кўз қорачиғидай асралади. Уларнинг атрофи иҳоталанади, обод қилинади, ҳеч қандай бинолар билан тўсилмайди. Келгуси авлодларга шикастсиз етказиш ҳақида қайғурилади. Улар билан боғлиқ ҳар қандай ўзгариш, реставрация қилиш, таъмирлаш, ён-атрофида бирор қурилиш ишларини бошлашдан олдин жамоатчилик фикри ўрганилади, ҳатто референдумлар ўтказилади.

 Ўзбекистонда ҳам умуммиллий бойлигимиз бўлмиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, тарихий кўринишини сақлаб қолиш, илмий ўрганиш, туристик жозибасини ошириш, тарғиб қилиш ва бойитиб бориш борасида кўплаб қонунлар қабул қилинган. Афсуски, биз уларга амал қилмаймиз, аждодларимиз меросини, тарихимизни қадрламаймиз. Қонунлар билан кафолатланган ижтимоий муҳит нима эканини тушунмаяпмиз, халқимизнинг кўркам ва обод ҳудудда яшашга ҳуқуқи борлигини билмаймиз. Биз давлат ва умумхалқ манфаати ҳар қандай шахснинг манфаатидан устун эканини унутганмиз. Бу мулоҳазаларни Урганч шаҳридаги ягона тарихий обида атрофидаги хунук воқеалар мисолида тавсифлашга уриниб кўрамиз.

Нима воқеа юз берди?

 2018 йил кузида Урганч шаҳридаги ягона тарихий обида - «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» олдида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Сайтда бу ҳақда «Урганчдаги тарихий обида ноқонуний қурилиш объекти билан тўсилмоқда» номли мақола эълон қилинган эди.

 «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» тарихий, меъморий, эстетик ва ижтимоий-маданий қимматга эга бўлган диний ёдгорлик, Урганч шаҳридаги ягона тарихий қадамжодир. У 1646-1648 йилларда Янги Урганч шаҳри асосчиси Абулғозий Баҳодирхон томонидан барпо қилинган. Кейинчалик, хароба аҳволга келиб қолган.

 2005 йилда Маъмун академиясининг 1000 йиллиги нишонланиши муносабати билан қайта таъмирланиб, обод қилинди. Атрофидаги майдон кенгайтирилди ва кўркам кўринишга келди. Мажмуа давлат ҳимоясига олинган ва Маданият вазирлигининг тасарруфидадир. «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» нафақат Урганчнинг, балки Хоразм вилоятининг туристик салоҳиятига жозиба берувчи муҳим объектдир.