7 декабр куни АОКА биносида ташкил этилган матбуот анжуманида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов МСКТ (мульти-спирал компютер томографияси) хизматига бўлган талабнинг ошиши, шунингдек, хизмат ҳақининг 3-4 бараварга кўтарилишига муносабат билдирди.
У, Kun.uz мухбири саволига жавоб бераркан, мазкур текширувни ўтказиш учун Бизнес-Омбудсман розилиги олинмаганини маълум қилди.
«Товар бозорларида монополист бўлса, биз нархни сунъий оширганини биламиз ва уларга тегишли чора кўриш нисбатан осон кечади. Лекин монополист бўлмай, бир нечта ўзаро рақобатлашаётган субъектлар ўзаро келишиб, рақобат қилмаслик ва нархни оширишга келишиб олса, бу ҳолатни исботлаш қийин. Масалан, пандемиядан олдин МСКТ нархи 100 минг сўм атрофида бўлган, пандемия даврида 400 минг сўмгача кўтарилди. Тадбиркорлар нарх ошишини беморлар сони, пандемия туфайли харажатлар кўпайгани билан асослантирмоқда. Иқтисодий назарияга мувофиқ, даромад келтирувчи 100 минг сўмли нарх турибди, мижоз кўпайса, даромадни янада оширади. Шу нарсани текшириш мақсадида Омбудсманга мурожаат қилганда, улардан рад жавобини олдик», — деган Бобур Каримов.
Каримовнинг таъкидлашича, тиббиёт хизматлар тақдим этувчи бозор иштирокчилари ўзаро келишган ҳолда, ёхуд мутаносиб равишда нархни оширган бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакиллигининг Kun.uz’га маълум қилишича, Антимонополия қўмитаси текширув ўтказиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан Бизнес-Омбудсман хулосасини сўраган, қўмита эса ушбу органни фақатгина хабардор қилган ҳолда мустақил текширишлар амалга ошириши мумкин.
Хулоса сўраб, мурожаат қилган қўмита хати юзасидан Омбудсман томонидан тиббиёт муассасаларида ўпканинг МСКТ хизматлари нархларининг шаклланиши юзасидан текшириш ўтказишга асослар етарли бўлмаганлиги сабабли, ушбу текширувларни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас, деган мазмунда хулоса берилган.
«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 11 моддасига мувофиқ, товар ёки молия бозорида ўзаро рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан потенциал рақобатчилар бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги келишиб олинган ҳаракатлар ва келишувлар тақиқланган. Шунингдек, модданинг тўртинчи қисмида ушбу моддада кўрсатилган таъқиқлар товар бозорида умумий улуши 35 фоиздан ошмайдиган хўжалик юритувчи субъектларнинг келишилган ҳаракати ва келишувларига нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланган», — дейилади Бизнес-Омбудсман жавоб хатида.














