Ўзбекистон | 08:33 / 11.12.2020
3506
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари кўрсатишда Қарши шаҳар тажрибаси амалга оширилади

Президентнинг “Аҳоли ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш ҳамда бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz / архив

Адлия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг давлат хизматлари кўрсатишнинг янгича замонавий услубларини жорий этиш ва бу борада аҳоли билан яқиндан ишлаш юзасидан қуйидагиларни қамраб олувчи Қарши шаҳар тажрибасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин:

  • маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ва пресс-турлар ташкил этиш ҳамда “марказ-маҳалла-фуқаро” тамойили бўйича Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиб келинаётган хизматларнинг ҳар бир оилага кириб боришини таъминлаш;
  • ҳар бир маҳаллада яшовчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талабини ва эҳтиёжини жойига чиққан ҳолда, жумладан манзилли ижтимоий тадқиқотлар орқали чуқур таҳлил қилиш;
  • давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида мавжуд бюрократик тўсиқлар ва қийинчиликлар, муддатларнинг узоқлиги ва тўлов миқдорларининг мақбуллигини бевосита амалиёт ва аҳоли томонидан бериладиган баҳолар асосида танқидий ўрганиш, ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш;
  • Давлат хизматлари маркази томонидан бевосита маҳаллаларда сайёр хизматларни йўлга қўйиш, аҳолини ўз уйидан туриб ёки маҳалла марказларида хизматларни олиш имкониятларини босқичма-босқич яратиш;
  • аҳоли томонидан давлат хизматларини олишдаги кўникмаларини шакллантириш услубларини тубдан қайта қўриб чиқиш, бу борада аҳоли ҳуқуқий маданиятини кескин ошириш, онлайн хизматлари олишни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш чораларини кўриш;
  • давлат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг тартиб-таомилларини оддий ва тушунарли ва кўргазмали кўринишда бевосита маҳалла аҳолисига тушунтириш, кенг қамровли мультимедиа материалларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш.

Қарши шаҳрида амалга оширилган тажриба натижасида 2021 йил 1 февралдан бошлаб унинг ижобий натижаларини бутун республика бўйича жорий этиш чоралари амалга оширилиши белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид