Ўзбекистон | 08:26 / 11.12.2020
13227
4 дақиқада ўқилади

Президент бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш тўғрисида фармон имзолайди

Давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш мақсад қилинган.

Президентнинг “Аҳоли ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш ҳамда бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

2021 йил 1 мартдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

  • фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ҳамда юридик шахсларнинг почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида кўрикдан ўтиш ва транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш экстерриториал тамойил бўйича амалга оширилади;
  • нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олинади;
  • тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда юридик шахснинг вакилидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади;
  • давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек тезлаштирилган тартибда давлат хизмати кўрсатилмаганлиги учун қўшимча ундирилган йиғимлар суммаси соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади. Бунда қайтариб берилган суммалар Агентлик томонидан тегишли ваколатли органлардан регресс тартибида ундириб олинади;
  • давлат хизматларини кўрсатишда ариза ёки унга илова қилинган ҳужжатларда тўғрилаш мумкин бўлган хатолар мавжуд бўлса ёхуд талаб қилинган ҳужжатлар етишмаса ваколатли орган давлат хизматини кўрсатишни рад этмасдан, уларни тўғрилаш учун аризачига имконият ва муддат беради. Бунда аризани кўриб чиқиш муддатини ҳисоблаш хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш учун ваколатли орган томонидан берилган вақт давомида тўхтатиб турилади;
  • давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ушбу ҳужжатлар электрон кўринишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади;
  • лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли органлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқиш муддати давомида тегишли ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинмаса, мазкур лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат талабгорнинг хабарномасига асосан ЯИДХП, “Лицензия” ахборот тизими ёки идоравий ахборот тизимлари воситасида автоматик равишда шакллантирилади ва талабгорга юборилади, бундан давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган тартиб-таомиллар мустасно. Бунда ваколатли органлар вужудга келиши мумкин бўлган барча оқибатлар учун жавобгар бўлади.

Мавзуга оид