Шу билан бирга у карантин чекловлари пайтида прокурорлар ва адвокатларнинг ҳуқуқлари тенг бўлмагани, жазони ижро этиш муассасалари маҳкумларига бўлган муносабат ҳақида ҳам гапирди.

– Ўтиб бораётган 2020 йил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қандай ижобий ўзгаришлар билан ёдда қолмоқда?

– 2020 йил бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам оғир йил бўлди. Пандемия шароитида одамларнинг ҳаракатланиши маълум даражада чекланди. Албатта, бу чекловлар хавфсизлик нуқтайи назаридан қилинди. Шунга қарамасдан, кўряпмизки, инсонларга саломатликдан ҳам, нондан ҳам муҳим нарсалар бор экан. Булар – cўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари масаласи.

ОАВ орқали кўряпмизки, Европа давлатларида, хусусан, Буюк Британия ва Германияда катта-катта норозилик чиқишлари бўлмоқда. Одамлар бизнинг озодлигимиз, ҳаракатларимиз, ҳуқуқларимиз чекланмасин, деган чақириқлар билан чиқишмоқда. Демак, ҳуқуқ – бу инсоният учун энг муҳим масала. Айтайлик, бугун Ливияда одамлар жон сақлаш илинжида, Эфиопия ва Сомалига ўхшаш давлатларда эса қорин тўйдириш дардида юрган бўлса, ривожланган мамлакатларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш орзусида юрибди ва ўз ҳуқуқлари учун кураш олиб боришмоқда.

Ўзбекистонда [2020 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида] ижобий ҳаракатлар кўзга ташланяпти. Лекин бу жараён тўлқинсимон, яъни бир кўтарилиш-тушиш босқичида. Айтайлик, амалдорларимизнинг сиёсатимизга хос бўлмаган баёнотлар бериб қўяётган ҳолатларини ҳам кўряпмиз. Бунинг орқасидан ўзлари яхшигина “тарсаки” ейишмоқда.

– Пандемия бутун инсоният учун кутилмаган бало, синов бўлди. Табиийки, бу жараёнда дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳам кузатилди. Сизларга айнан пандемия шароити, жорий этилган карантин чекловлари ортидан ҳуқуқлари бузилган шахслар айнан нималардан кўпроқ шикоят қилишди?

– Келинг, шартли равишда мен айтай, бизда пандемиядан ҳам оғир даврлар бўлган. Мен яқин ўтмишимизни назарда тутяпман. Чунки инсонларнинг бирламчи ҳуқуқларини таъминлаш масаласида оғир йилларни бошдан кечирдик. Дейлик, мажбурий меҳнат, болалар меҳнати деймиз ва бошқалар. Шу нуқтайи назардан пандемиядан оғирроқ пайтлар ҳам бўлган.

Лекин пандемия пайтида стихияли-мажбурий ўзимизни чеклашга ҳаракат қилдик. Одамлар биринчи навбатда ички ишлар идоралари, Миллий гвардия ва осойишталикни сақлашга масъул бошқа органлар билан ўзларининг ўртасида келиб чиққан тушунмовчиликлар ортидан келиб чиққан ҳолатлар юзасидан мурожаатлар билан чиқишди.