Техника тараққий этгани сайин инсоният ўзи учун мураккаб вазифаларни технологиялар ёрдамида бажаришга одатланиб бормоқда. «Инсон омилисиз» атамаси ҳам луғатдаги оддий сўзга айланиб бўлди. Бунда албатта турли технологиялар ва роботлар муҳим ўрин тутади.

Ҳозир Ўзбекистонда ҳам роботлар ясаш ва уларни дастурлашни ўрганаётган болалар сони кўпайиб бормоқда. Шундай болалардан бир гуруҳи Олмазор туманидаги 233-мактабда фаолият юритувчи «Баркамол авлод» болалар марказида шуғулланишади.
Яна бир гуруҳи эса Юнусобод туманида, АКТга ихтисослаштирилган 9-мактабда, ўзи ҳам ҳали Бенков номидаги республика ихтисослаштирилган рассомчилик мактабида ўқиётган Ситора Исмоиловадан дарс олишади.
Болалар ясаган роботлардан бири рақсга туша олса, бири йўлларда тирбандлик юзага келганда «Тез тиббий ёрдам» кўрсатишни таклиф қилади. Яна бир лойиҳа эса почта жўнатмаларини юборилиши керак бўлган ҳудудларга қараб саралаб беради.
«Робототехникани ўргана бошлаганимга 3 ой бўлди. Мен биринчи ясаган робот бошқа роботлар билан кимўзарга мусобақалашадиган робот эди», – дейди ўқувчилардан бири Амир Исмоилов.
«Бу ерда ўзим хоҳлаган бирор нарсаларни ясай олишим ўзимга ёқади. Робототехникадан ташқари 3 йилдан бери дастурлашни ҳам ўрганяпман», – дейди бошқа бир ўқувчи Миродил Абдуназаров.


Уларга робототехника асосларини ўргатаётган Ситора Исмоилова робот ясаш учун болада қандай хусусиятлар бўлиши кераклиги ҳақида гапириб берди.
«Робототехника билан шуғулланиш учун биринчи навбатда мантиқ керак. Яъни ҳамма дастурий қурилмалар мантиқий топшириқ атрофида қурилади. Агар мантиқ бўлмаса, демак, робототехника ҳам йўқ. Бу шундай йўналишки, доим ўйлашга мажбур бўласиз.


Мантиқдан сўнг физика ҳам муҳим. Нима қандай ишлашини билиш учун принципларни билиш талаб этилади. Масалан, робот ниманидир тутиб тура олиши, олдинга ё орқага ағанаб кетмаслиги учун нима қилиш кераклигини билиш лозим.



















