Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Чегара билмас мухбирлар»: дунё бўйлаб 387 нафар журналист турмада
Маҳбус журналистларнинг ярмидан кўпроғи Хитой, Саудия Арабистони, Миср, Вьетнам ва Сурия қамоқхоналарида ўтирибди.
Камида 387 нафар журналист ва ОАВнинг бошқа ходимлари қамоққа ташланган. Бу ҳақда «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотнинг 14 декабр куни эълон қилинган йиллик ҳисоботида маълум қилинган.
Deutche Welle нашри хабар беришича, қамалганларнинг 61 фоизи Хитой (117 нафар), Саудия Арабистони (34), Вьетнам (28) ва Сурияда (27). Ундан ташқари, 54 журналист ўғирлаб кетилган, уларнинг 4 нафари умуман изсиз ғойиб бўлган.
Ўнлаб мухбирлар пандемияни ёритиш ортидан қамоққа тиқилган.
Ҳисобот муаллифларининг айтишича, 2020 йил баҳоридан бери ўнлаб мухбир коронавирус ва пандемияни ёритган репортажлари сабаб вақтинчалик ҳибсга олинган.
Беларуснинг ўзида ОАВ ходимларини қисқа муддатга қамаб қўйиш билан боғлиқ 370 ҳолат қайд этилган. Бу Беларус МСК Александр Лукашенкони президентлик сайловларида ғалаба қозонганини эълон қилгани ортидан мамлакатда юзага келган оммавий норозиликлар вақтида рўй берган.
Аксар давлатлар зуғум қилишга ўтишяпти
«Дунё бўйлаб жуда кўп ОАВ ходимлари ҳибсдалиги сўз эркинлиги борасидаги муаммоларга эътибор қаратишни талаб қиляпти. Кўп ҳукуматлар норозиликлар ва коронавирус пандемиясига ўхшаш инқирозларга у ҳақда бонг урганларга қарши зуғум ўтказиш билан жавоб қайтаряпти. Бу каби ишларнинг ортида узоқ муддатга ҳукм қилинган инсон тақдири ётади ахир. Баъзан эса, шунчаки цензура ва зуғумларга қарши бош эгмагани учунгина ёмон муомалада бўлишади», — дейди ташкилот матбуот котиби Катя Глогер.
Аввалроқ «Чегара билмас мухбирлар» мамлакатдаги норозиликларни ёритган журналистларга муносабати учун Беларус полициясига қарши иш очишни сўраганди. ЕХҲТ аъзоси сифатида Беларус ҳукумати мустақил ва хорижий ОАВга тўсқинликларсиз ишлаш шароитини яратиб бериш мажбуриятини олган, деб таъкидлашганди ҳуқуқбонлар.